Маҳмуд Аҳмадинажод ҳам ҳалок бўлди – ОАВ

01.03.2026 | 20:452 daqiqa

Маҳаллий нашрлар Эроннинг собиқ президенти ҳам Исроил ва АҚШнинг ҳаво зарбаларида ҳалок бўлганини ёзди. Кечагм ҳужумда Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам вафот этганди.

Маҳмуд Аҳмадинажод ҳам ҳалок бўлди – ОАВ

Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод ҳам Исроил ва АҚШнинг ҳаво зарбаларида ҳалок бўлди, дея маҳаллий нашр «ILNA» хабар берди.

«Нармак туманидаги (Теҳрон) уйига қилинган зарбалардан сўнг, Аҳмадинажод ва унинг қўриқчилари ҳалок бўлди», – деб келтирилади хабарда.

Маҳмуд Аҳмадинажод 2005–2013 йилларда Эроннинг олтинчи президенти сифатида икки муддат фаолият юритган. 2013 йил 4 августда у Эрон олий раҳбари томонидан Муафиылик кенгаши аъзолигига тайинланган. Маҳмуд Аҳмадинажод 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган, бироқ у дисквалификация қилинган.

Яқин Шарқда нималар бўляпти?

Кеча, 28 феврал куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлади. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўради. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Шу орада АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берди ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлади. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлади. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлади.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади. Теҳроннинг қарши ҳужуми исроил билан чекланмади. Эрон АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига ҳам зарбалар йўллади. БАА, Баҳрайн, Қатар каби давлатларда ҳам портлашлар содир бўлди.

Олдинроқ Исроил ва АҚШнинг ҳужумида Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлгани маълум бўлди. Мамлакатда мотам эълон қилинди. Армия қасос олишга ваъда берди.

Teglar

Mavzuga oid