add

Мария Захарова: «Соловёвнинг баёнотлари Россиянинг расмий позицияси эмас»

Bugun 10:542 daqiqa

Россия ТИВ вакили Мария Захарова Соловёвнинг Арманистон ва МОда «махсус операция» бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

Мария Захарова: «Соловёвнинг баёнотлари Россиянинг расмий позицияси эмас»

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова телебошловчи Владимир Соловёвнинг Арманистон ва Марказий Осиё давлатларида «махсус ҳарбий операция» ўтказиш мумкинлиги ҳақида айтган гапларига муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, мазкур чиқишлар Россиянинг расмий сиёсатига алоқадор эмас ва шахсий фикр сифатида айтилган.

Захарова 15 январ куни бўлиб ўтган брифингда журналистнинг гаплари Москванинг расмий позицияси сифатида талқин қилинаётгани асоссиз эканини таъкидлади. У Соловёв бу фикрларни ўзининг шахсий «Соловёв Лайф» каналида билдирганини, шу боис давлат нуқтаи назаридан баҳолаш нотўғри эканини қайд этди.

«Мен иқтибосларни ўқиб чиқдим ва контекстдан юлиб олинган жумлаларга ёки бировнинг гапига эмас, балки айнан тўғридан-тўғри нутққа таяняпман. Бу фикр савол кўринишида шакллантирилган эди. У ерда баёнот эмас, савол бор эди. Риторикми ёки бошқача саволми, билмадим — буниси энди менга тегишли эмас», — деди Россия ТИВ вакили.

Россия ТИВ вакилининг айтишича, мазкур сўзлар контекстдан узиб олингани ва айрим «диван аналитиклари» томонидан атайлаб провокацион тарзда кўрсатилганини билдирди. У бундай манипуляцияларга йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида урғулади.

Расмий вакил шунингдек, айрим шарҳловчилар бу вазиятдан фойдаланиб, Россиянинг гўёки постсовет давлатларига нисбатан «тажовузкор ниятлари» борлиги ҳақида асоссиз уйдирмаларни тарқатаётганини айтди. Захарованинг фикрича, бундай ахборотлар воқеликка тўғри келмайди ва жамоатчиликни чалғитишга қаратилган.

У Россиянинг расмий позицияси фақатгина бунга ваколатли шахслар томонидан билдирилишини эслатди.

Захарованинг таъкидлашича, Россия раҳбарияти Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар бўйича ўз сиёсатини кўп маротаба очиқ баён қилган.

«Гапга эмас, ишга қараб баҳо бериш керак. Неча марта ёрдамга келинди? Неча марта ёрдам ва дўстлик қўли чўзилди? Қайғуга шерик бўлганда, ҳамдардлик билдирганда неча марта энг самимий ҳиссиётлар изҳор қилинди? Қувончни баҳам кўрганда, умумий ғалабаларни ҳамда постсовет ҳудудидаги ҳамкасб ва дўстларимизнинг ютуқларини бирга нишонлаганда неча бор самимий туйғулар намоён этилди? Қанчадан-қанча мураккаб, ечими йўқдек туйилган вазиятлардан биргаликда йўл қидирилди? Неча марта тушунмовчилик ва англашилмовчиликлар бартараф этилди? Провакаторлар чақириғи ва провокацияларга неча марта жавоб қайтарилди? Мана шуларга қараш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам провокацияларга чалғимаслик лозим. Афсуски, улар ҳали кўп бўлади. Шунинг учун, келинг, қандайдир сохта ва ёлғон маълумотларга алданмайлик», — деди Захарова.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Соловёв ўз чиқишларида Арманистон ва Марказий Осиё давлатларининг сиёсий жараёнлари ҳамда ташқи сиёсати ҳақида кескин мулоҳазалар билдириб, ушбу минтақани Россия учун Сурия ёки Венесуэладан ҳам муҳимроқ деб атаган ва «махсус ҳарбий операция» ўтказиш ғоясини тилга олган эди. Бу эса қатор давлатларда жамоатчилик муҳокамалари ва эътирозларга сабаб бўлди.

Teglar

Mavzuga oid