Logo

Марказий банк «иш ҳақи қуллиги»га барҳам берувчи тизим ишлаб чиқди

Тизими ишга туширилгач, ходимлар иш ҳақини исталган банк картасига олиш имконига эга бўлади.

Марказий банк «иш ҳақи қуллиги»га барҳам берувчи тизим ишлаб чиқди © vaqt.uz

Марказий банк ходимларга иш ҳақини қайси банк картасига олишни мустақил танлаш имконини берадиган «Тақсим» тизимини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Spot ўз манбаларига таяниб, хабар берди.

Янги механизм орқали иш берувчи қайси банк билан ҳамкорлик қилишидан қатъи назар, ходим ўзига қулай банк орқали маош олиши мумкин бўлади.

Дастлаб тизимни 2026-йил 30-июнгача ишга тушириш режалаштирилган эди. Бироқ айрим тижорат банкларининг тизим билан интеграцияга техник жиҳатдан тайёр эмаслиги сабаб лойиҳа муддати узайтирилди.

Ҳозирги амалиётда кўплаб ташкилотлар иш ҳақини фақат ҳамкор банк орқали тўлайди. Натижада ходимлар айнан ўша банкнинг картасини очишга мажбур бўлмоқда.

Янги тизим эса ушбу амалиётга барҳам бериб, фуқароларга банкни эркин танлаш ҳуқуқини тақдим этади.

«Тақсим» тизими 2025-йил 27-ноябрда қабул қилинган Президент қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилмоқда.

Қарорда фуқароларга иш ҳақи ва бошқа оммавий тўловларни исталган банк ёки электрон ҳамён орқали қабул қилиш имконини яратиш ҳамда чакана банк хизматлари бозорида рақобатни кучайтириш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатга мувофиқ, Марказий банк 2026-йил июн ойигача ўз бошқарувидаги тўлов тизимларида оммавий (тўпламли) тўловлар функциясини жорий этиши лозим эди. Ҳозирча «Тақсим» тизимининг қачон ишга туширилиши бўйича янги муддат эълон қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2025-йил 27-ноябр куни Шавкат Мирзиёев имзолаган молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича қарорга мувофиқ, мамлакатда «маош қуллиги» деб танилган тизим босқичма-босқич бекор қилиниши маълум қилинганди.

Teglar

Mavzuga oid