Марказий Осиё аҳолиси 2040 йилгача 96 миллионга етади — ЕОТБ
Евроосиё Тараққиёт Банки демографик ўсиш минтақадаги инфратузилмага босимни кучайтиришини, сув ва энергия соҳасида кескин чоралар зарурлигини билдирди.

Марказий Осиё аҳолиси 2040 йилга бориб 96 миллион нафарга етиши мумкин ва бу инфратузилмага катта босим юклаши кутилмоқда. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузов ТАССга берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, аҳоли ўсиши минтақанинг иқтисодий ривожланиши учун драйвер вазифасини ўташи мумкин. Бироқ энергия самарадорлиги, замонавий мобиллик ва сув ресурсларини бошқариш тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмаса, барқарор ўсишга эришиш қийин бўлади.
Подгузов Марказий Осиёни иқлим ўзгаришига энг таъсирчан ҳудудлардан бири деб атади. Унинг прогнозларига кўра, 2028 йилга келиб сув танқислиги йилига 5–12 куб километрга етиши мумкин. Эскирган ирригация тизимлари сабаб сув ресурсларининг салмоқли қисми йўқотилмоқда. ЕОТБ ирригацияни модернизация қилиш, сув тежовчи технологиялар ва рақамли сув ҳисобини жорий этиш лойиҳаларини молиялаштирмоқда.
Минтақанинг океан портларидан 3 минг километрдан ортиқ масофада жойлашгани савдо харажатларини 20–40 фоизга оширмоқда. Бу иқтисодий ўсишни ҳар йили 1,5 фоиз бандигача камайтирувчи «масофа солиғи»ни шакллантирмоқда.
Банк транспорт боғланишини кучайтириш учун Евроосиё транспорт каркаси концепциясини таклиф этган. Шарқ–ғарбий йўналишдан ташқари шимол–жануб ва Трансафғон коридори ривожлантирилиши Жанубий Осиё ҳамда Форс кўрфази бозорларига чиқишни кенгайтиради.
ЕОТБ баҳосига кўра, 2026 йилда минтақанинг беш давлати иқтисодиёти умумий ҳажми 600 миллиард долларга етиши мумкин. UNICEF маълумотларига кўра, 2025 йилда аҳоли сони 84 миллиондан ошган.





