Микромолия ташкилотларида ўртача фоиз ставкалари қандай?

26.02.2026 | 12:553 daqiqa

Ўртача кредит фоизлари банкларга қараганда деярли икки баробар юқори. Шунга қарамай, ўзбекистонликлар микромолия ташкилотларидан кредит олишни кўпайтирмоқда.

Микромолия ташкилотларида ўртача фоиз ставкалари қандай?

Марказий банк Ўзбекистондаги микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг ҳолати ҳақида шарҳ тақдим қилди. Унда бир қанча муҳим маълумотлар эълон қилинган.

Маълум бўлишича, микромолия ташкилотларида субъект турлари бўйича 2025 йилнинг декабрь ойида аҳолига ажратилган микроқарзларнинг фоиз ставкалари 30-109,5 фоиз коридорида бўлган.

Бизнесга, яъни ЯТТ ва юридик шахсларга ажратилган микрокредитлар 30-88 фоиз коридорида шаклланган. Бунда йиллик ўртача тортилган фоиз ставкалари мос равишда 57,6 ва 48,7 фоизни ташкил этган.

Декабр ойида жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзларнинг 0,3 фоизи (1,6 млрд сўм) энг қуйи чегара — йиллик 29-40 фоиз оралиғида, 0,1 фоизи (300 млн сўм) энг юқори чегара — йиллик 100-109,5 фоиз оралиғида ажратилган.

Юридик ва ЯТТларда эса ажратилган микрокредитларнинг 3,3 фоизи (1,3 млрд сўм) энг қуйи чегара — йиллик 30-40 фоиз оралиғида, 37,4 фоизи (14,9 млрд сўм) энг юқори чегара — йиллик 55-60 фоиз оралиғида бўлган.

1

Ўртача йиллик фоиз ставкаси 2025 йил давомида аҳоли учун 58,9 фоиздан 57,6 фоизгача, бизнес учун 53 фоиздан 48,7 фоизгача пасайди.

Ломбардларда ўртача фоиз ставкаси микромолия ташкилотларига нисбатан анча юқорироқ шаклланмоқда.

2025 йилнинг декабрь ойида жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзларнинг фоиз ставкалари 60-109,5 фоиз коридорида шаклланган бўлиб, йиллик ўртача тортилган фоиз ставкаси 97,1 фоизни ташкил этган. Ўртача фоиз ставка йил бошида 99,5 фоиз эди.

2

Ой давомида ломбардлар томонидан ажратилган микроқарзларнинг 0,4 фоизи (1,3 млрд сўм) энг қуйи чегарага — йиллик 60-70 фоиз оралиғида ва 48,8 фоизи (143,4 млрд сўм) энг юқори чегарага — йиллик 100-109,5 фоиз оралиғига тўғри келади.

Банкларда фоизлар қандай?

Ўзбекистон банкларида 23 феврал ҳолати бўйича микроқарзларни ҳисобга олмаганда аҳолининг ўртача кредит фоизи 22,2 фоизни ташкил қиляпти. Бизнес учун бу кўрсаткич — 22,4 фоиз.

Микроқарзлар эса ўртача 29,3 фоиздан ажратилмоқда. 2025 йилнинг ёзида микроқарзлар ўртача 34,9 фоиздан ажратилаётган эди. Ярим йилда фоиз ставкаси сезиларли тушди.

Микроқарз томондан қараласа, микромолия ташкилотлари кредит фоизлари банкларга қараганда қарийб икки баробар, ломбардларда эса 3 баробардан ошиқ юқори.

3

Шунга қарамай, 2025 йилда ўзбекистонликларнинг микромолия ташкилотлари ва ломбардлардан кредит олиши кескин кўпайган.

Бу кредит ташкилотларида ўтган йил давомида ажратилган кредитлар миқдори нақд 2 баробарга ўсиб, деярли 32 трлн сўмга етган.

Маълумот учун 2025 йилда банкларда кредит ажратиш қарийб 50 фоизга, микроқарз ажратиш эса 56 фоизга ошганди.

Нега микромолия ташкилотлари ва ломбардларда кредит олиш бу қадар кўпайган?

Шартлар оғирроқ бўлсада, бу кредит ташкилотларида кредитни осонроқ, тезроқ ва камроқ ҳужжатлар билан олиш мумкин.

Айрим микромолия ташкилотлари ёмон кредит тарихига эга мижозларга ҳам микроқарз ажратишни таклиф қилади. Бу эса табиий равишда талабни оширади.

Яқин-яқингача, расмий даромади бўлмаганлар учун микромолия ташкилотлари кўпинча ягона молиялаштириш манбаи ҳисобланар эди.

Бироқ, сўнгги йилларда бир нечта банклар ҳам норасмий даромадга эга мижозларнинг картадаги айланмаларини инобатга олган ҳолда кредит ажратишни йўлга қўйган.

Микромолия ташкилотларида оғирроқ шартларда ҳам кредит олиш тезроқ ўсгани, Ўзбекистонда кредитга бўлган талаб ҳамон анча юқори шаклланаётганини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid