Мирзиёев: Ўзбекистон минтақавий финтех марказига айланиши керак

10.09.2025 | 20:204 daqiqa

Бугунги кунда молия бозорини сунъий интеллект ва блокчейн технологияларисиз ривожлантириб бўлмайди.

Мирзиёев: Ўзбекистон минтақавий финтех марказига айланиши керак
Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.  «Бугунги кунда дунёда молиявий технологиялар бозори тез суръатда ривожланяпти. Унинг ҳажми бу йил 300 миллиард доллардан, 2030 йилга бориб, 600 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Юртимизда ҳам мазкур йўналишда катта имкониятлар бор. 2018 йилда FinTech корхоналари 24 та бўлган бўлса, ҳозирги кунда 103 тага етган. Жорий йил маҳаллий корхоналаримиз 260 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп», - дейилади хабарда. Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида 1 мингта стартапни қўллаб-қувватлаш, «Open banking» тизимини жорий қилиш, молиявий технологияларни ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиши айтилган эди. Тақдимотда мутасаддилар шу борадаги режалар ва таклифлар юзасидан ахборот берди. Стратегияни пухта ишлаб чиқиш учун, аввало, меъёрий-ҳуқуқий база, молиявий технологияларнинг ҳозирги ҳолати, инфратузилма ва кадрлар масаласи таҳлил қилинмоқда. Сингапурлик экспертлар жалб этилиб, халқаро тажриба ўрганилмоқда. Шу асосда бу соҳадаги миллий тамойиллар шакллантирилади, институционал архитектура ва идоралараро ҳамкорлик тартиби белгиланади. Якуний мақсад барқарор, инклюзив ва рақобатбардош молиявий хизматлар экотизимини яратишдир. Бугунги кунда молия бозорини сунъий интеллект ва блокчейн технологияларисиз ривожлантириб бўлмайди. Таҳлилларга кўра, булар орқали банклар даромадини 20 фоизга, молиявий хизматлар ҳажмини 30 фоизга ошириб, хавфларни 15 фоизга камайтириш мумкин. Давлат раҳбари банкларнинг технологик имкониятларини кенгайтириб, рақамли хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди. «Соҳада муваффақият мезонларини аниқлаш ва бошқариш мақсадида Марказий банкда Финтех офиси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди. Стартаплар акселерацияси, янги ғоялар ва инвестицияларга шароит яратиш учун инновацион хаб ташкил қилиниши маъқулланди. Бу чора-тадбирлар келгусида Ўзбекистоннинг минтақавий финтех марказига айланишига хизмат қилади», - дейилади матбуот хизмати эълон қилган хабарда.

Teglar

Mavzuga oid