Мирзиёев: «Шунча маблағ бергандан кейин туман ҳокими халқнинг олдида масъулият олиб, жавоб берсин»
Президент «оғир» туман ва маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 20 триллион сўм ажратилишини маълум қилди. Бу маблағлар камбағаллик ва ишсизликни 2 карра қисқартиришга хизмат қилиши шартлиги айтилмоқда.
© Фото: president.uzПрезидент камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан яратилган маҳаллий тажрибалардан унумли фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Хусусан, Арнасойда чорвачилик, Шўрчида банан етиштириш, Қувада анорчилик ва Бўстонлиқда асаларичилик бўйича шаклланган самарали тажрибалар бошқа ихтисослашган ҳудудлар учун намуна бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Бироқ бу тажрибаларни ўргатиш ва кенг жорий этишга хизмат қиладиган тизим мавжуд эмаслиги қайд этилди.
«Бундай тажрибалар ҳамма жойда бор. Лекин уларни ўргатиб, қамровини кенгайтирадиган тизим йўқ!», – деди Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бир ой муддатда ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллалардаги имкониятларни ўрганиб, энг яхши тажрибалар асосида амалий «методик қўлланма» ишлаб чиқишни топширди. Ҳокимлар эса жойларда бу ишларни ташкил этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадларини ошириш учун шахсан масъул бўлиши белгиланди.
Қайд этилишича, жорий йилда ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик фаолияти маҳалла билан боғланади. Қабул қилинадиган қарорлар маҳаллада аниқ қандай ўзгариш бўлишини назарда тутиши шартлиги таъкидланди.
2026 йил учун 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингга етказиш ҳамда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш асосий вазифалар сифатида белгиланди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасида инфратузилма, турмуш даражаси ва бизнес фаоллик каби 20 мезон асосида 37 та «оғир» туман ҳамда камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та маҳалла аниқланди. Камбағал оилаларнинг учдан бир қисми ва ишсизларнинг 21 фоизи айнан ушбу ҳудудларга тўғри келиши маълум қилинди.
Шунингдек, яна 33 та туман ва 330 та «оғир» маҳаллада Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантириш ишлари бошланди. Асосий ресурслар 70 та туман ва 1 мингта маҳаллага йўналтирилса, республикада камбағалликни камида 3 фоизга пасайтириш мумкинлиги таъкидланди.
«Оғир» ҳудудларда аҳоли солиқ имтиёзларидан кўра, йўл, сув ва электр таъминотини яхшилашни талаб қилаётгани инобатга олиниб, инфратузилмани ривожлантириш учун вилоятларга 20 триллион сўм ажратилади. Шу маблағнинг 12 триллион сўми тўғридан-тўғри «оғир» туман ва маҳаллаларга йўналтирилади.
«Асосий кучни ушбу 70 та туман ва 1 мингта «оғир» маҳаллага йўналтирсак, республикада камбағаллик даражасини 3 фоиздан пасайтиришга эришамиз», – деди Президент.
Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларга қайтариладиган маблағлар икки баробар оширилиб, ҳокимларга қўшимча 4,2 триллион сўм тақдим этилади. Ҳар бир «оғир» туман ва маҳаллада инфратузилма лойиҳалари орқали ишсизлик ва камбағалликни икки баробар қисқартириш қатъий талаб сифатида қўйилди.
«Ҳокимлар эшитиб олсин: бу маблағлар инфратузилмани яхшилаш орқали камбағаллик ва ишсизликни 2 карра қисқартиришга хизмат қилиши шарт. Ушбу туман ҳокимлари аҳолисига мурожаат қилади. Қайси маҳаллада нечта одамни ишли қилиб, қанча оилани камбағалликдан чиқаришини маҳаллама-маҳалла юриб тушунтиради. Шунча маблағ бергандан кейин туман ҳокими халқнинг олдида масъулият олиб, жавоб берсин. Ҳокимликнинг фаолиятига халқнинг ўзи баҳо берсин», – деди Мирзиёев.





