add

Мис нархи 13 минг долларга чиқди: бозорни нима қўзғатмоқда?

06.01.2026 | 10:552 daqiqa

2025 йил якунларига кўра, Лондон металл биржасида мис 42 фоизга қимматлади ва бу кўрсаткич 2009 йилдан бери энг юқори йиллик ўсиш сифатида қайд этилди.

Мис нархи 13 минг долларга чиқди: бозорни нима қўзғатмоқда?

Мис нархи жаҳон бозорида навбатдаги тарихий рекордни қайд этди. «Bloomberg» маълумотларига кўра, Лондон металл биржасида уч ойлик фючерслар қарийб 4,7 фоизга қимматлаб, тоннаси 13 минг доллар белгисидан ошди. Бу сўнгги икки ҳафта ичида мис нархи ўрнатган иккинчи рекорд бўлди: 2025 йил 23 декабрда металл нархи илк бор 12 минг долларга етган эди.

Ўтган йил давомида мис нархи жадал ўсди. 2025 йил якунларига кўра, Лондон металл биржасида мис 42 фоизга қимматлади ва бу кўрсаткич 2009 йилдан бери энг юқори йиллик ўсиш сифатида қайд этилди. Бозор иштирокчилари ушбу раллини асосан таъминот билан боғлиқ муаммолар ва глобал логистикадаги бузилишлар билан изоҳламоқда.

Мис энергетик ўтиш жараёнида ҳал қилувчи ресурс ҳисобланади. У дата-марказлар, электр тармоқлари, аккумуляторлар ва электромобиллар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. «Bloomberg» нашрининг таъкидлашича, сўнгги ойларда нархларни қўллаб-қувватлаётган асосий омиллардан бири — миснинг АҚШга оммавий равишда олиб кирилиши билан боғлиқ ажиотаждир. Илгари АҚШ президенти Доналд Трамп импорт мисга 50 фоизлик бож жорий этиш режасини эълон қилган, кейинчалик эса энг кўп импорт қилинадиган тур — рафинадланган мис бундан мустасно этилган эди.

Шунга қарамай, эҳтимолий тарифлар хавфи трейдерларни мисни АҚШга олдиндан жўнатишга ундади. Бу эса бошқа минтақаларда таклиф ҳажмини қисқартириб, жаҳон нархларига босимни кучайтирди. «BMO Capital Markets Ltd» таҳлилчиси Ҳелен Амоснинг сўзларига кўра, АҚШда мис захираларининг мисли кўрилмаган даражада тўпланиши жаҳон нархларини белгилаётган асосий омил бўлиб қолмоқда.

«UBS Group» таҳлилчилари ҳам 2025 йилда рафинадланган мис бозори умумий ҳисобда профицитда бўлганини, бироқ савдо оқимлари АҚШ бож сиёсати сабаб жиддий бузилганини қайд этди. АҚШ жаҳон мис захираларининг тахминан ярмига эга бўлса-да, глобал талабнинг 10 фоиздан камини ташкил қилади. Бу эса бошқа минтақаларда таъминот танқислиги хавфини кучайтирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid