add

Наманганда 40 минг доллар пора талаб қилган мансабдор қўлга тушди

Bugun 10:551052 daqiqa

Наманган вилоятида кўмир таъминоти билан боғлиқ лавозим тайинлови ва кўмир етказиб беришни ошириш ваъдаси билан пора талаб қилган «Кўмир таъминот» МЧЖ филиали мансабдорига жиноят иши қўзғатилди.

Наманганда 40 минг доллар пора талаб қилган мансабдор қўлга тушди

Наманган вилоятида «Кўмир таъминот» масъулияти чекланган жамияти филиали мансабдорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов маълумотларига кўра, жамиятнинг вилоят филиали бошлиғи ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқарони туманлардан биридаги кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлашни ваъда қилган.

Маълум бўлишича, у бу масалани юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш, шунингдек, омборга келадиган кўмир ортилган юк вагонлари сонини кўпайтириш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилган. Келишув доирасида мансабдор шахс пулнинг бир қисмини олган.

Жорий йилнинг 6 декабрь куни у сўралган маблағдан 25 минг АҚШ долларини филиал ходими орқали қабул қилиб, фуқарони омбор мудири лавозимига тайинланишини таъминлаган. Бу орқали у ноқонуний равишда хизмат имкониятларидан фойдаланган.

Кейинчалик эса мансабдор қолган 15 минг АҚШ долларини, шунингдек, омборга кўмир ортилган 30 та вагон юборилгани учун улуш сифатида 7 500 АҚШ доллари талаб қилган. Жами 22 500 АҚШ долларини у воситачи орқали олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.

Ҳолат бўйича Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари тезкор чора кўрган. Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек, кўрилган чора-тадбирлар натижасида аҳолини кўмир маҳсулотлари билан ўз вақтида ва имтиёзли нархларда таъминлаш чоралари кучайтирилгани маълум қилинди.

Teglar

Mavzuga oid