
Навоийда газдан заҳарланиш оқибатида бир киши вафот этди
Марҳумнинг турмуш ўртоғи ҳамда чақалоқ фарзанди оғир аҳволда.

Навоий вилояти Кармана тумани «Сардоба» маҳалласида газдан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолат қайд этилди. Ҳодиса оқибатида бир киши вафот этган. Бу ҳақда туман ҳокимлги матбуот хизмати хабар берди.
Аниқлик киритилишича. марҳумнинг турмуш ўртоғи ҳамда чақалоқ фарзанди оғир аҳволда Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда жабрланганларга малакали шифокорлар томонидан барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда, уларнинг ҳолати доимий назоратга олинган.
Кармана туман ҳокими Шоҳруҳ Болтаев тиббиёт муассасасида бўлиб, жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини таъкидлаган. Шунингдек, мутасадди ташкилотларга ушбу оила ҳолидан доимий хабардор бўлиб бориш ва зарур кўмакларни кўрсатиш бўйича топшириқлар берган.





