add

Навоийда реклама қонунчилигини бузган меҳмонхона жаримага тортилди

26.01.2026 | 10:521 daqiqa

Рақобат қўмитаси онлайн бронлаш платформалари орқали рухсатномасиз реклама жойлаштирган меҳмонхонага нисбатан молиявий жарима қўллади.

Навоийда реклама қонунчилигини бузган меҳмонхона жаримага тортилди

Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ҳудудда фаолият юритаётган меҳмонхоналарнинг электрон онлайн бронлаш тизимларида истеъмолчиларга тақдим этилаётган маълумотларнинг тўғри, тушунарли ва асосли эканлиги ўрганиб чиқилган.

Ўрганишлар натижасида айрим меҳмонхоналар томонидан нотўғри реклама маълумотлари берилгани маълум бўлган. Хусусан, «UB MUSTERIOIS ASIA» МЧЖга қарашли меҳмонхона тегишли рухсат берувчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда турли онлайн бронлаш платформалари орқали хизматларини реклама қилган.

Бу ҳолат истеъмолчиларда меҳмонхона фаолияти қонуний экани ҳақида янглиш тасаввур шакллантириши мумкинлиги қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўмита Махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилиб, уни кўриб чиқиш натижасида молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатма берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ реклама қонунчилигини бузган тўртта компания жаримага тортилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid