add

Нетаняҳу: «Урушдан кейинги Ғазода Туркия ва Қатар ҳарбийларига жой йўқ»

Bugun 13:172 daqiqa

Исроил бош вазири Ғазо келажаги бўйича АҚШ режасида айрим давлатлар ҳарбий иштирокига қатъий қарши чиқди.

Нетаняҳу: «Урушдан кейинги Ғазода Туркия ва Қатар ҳарбийларига жой йўқ»

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу урушдан кейинги Ғазо секторида Туркия ва Қатар ҳарбий кучлари жойлаштирилмаслигини очиқ баён қилди. Унинг таъкидлашича, хавфсизлик ва бошқарув масалаларида мазкур давлатлар иштирок этмаслиги керак ва бу Исроилнинг принципиал позицияси ҳисобланади.

Нетаньяху бу баёнотни АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан илгари сурилган Ғазодаги урушни якунлашга қаратилган кўп босқичли режа муҳокамалари фонида билдирди. Ушбу режа доирасида минтақада янги сиёсий ва хавфсизлик тузилмаларини шакллантириш кўзда тутилган.

«Трамп режаси»нинг иккинчи босқичи

Исроил раҳбарига кўра, Ғазо ҳозир «Трамп режаси»нинг иккинчи босқичи арафасида турибди. Бу босқичнинг асосий мазмуни ҲАМАСни тўлиқ қуролсизлантириш ва Ғазо секторида ҳарбий инфратузилмани бартараф этишдан иборат.

«Иккинчи босқич биргина оддий нарсани англатади: ҲАМАС қуролсизлантирилади ва Ғазо демилитаризация қилинади. Ғазо секторида на турк ва на қатар аскарлари бўлади», деди Нетаняху.

Нетаняҳу ўз баёнотида Трамп режасида назарда тутилган «халқаро барқарорлаштириш кучлари»га ҳам ишора қилди. Ушбу контингент Ғазода хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, ҲАМАС ўрнини босадиган янги маҳаллий полиция тузилмаларини тайёрлаш билан шуғулланиши лозим.

Бироқ мазкур кучлар таркибига қайси давлатлар ҳарбийлари кириши ҳозирча аниқ эмас. Исроил эса Туркия ва Қатар бу жараёнда ҳар қандай ҳарбий ёки сиёсий рол ўйнашига қарши эканини яширмаяпти.

Ижроия кенгаши атрофидаги келишмовчиликлар

Исроил томони «Ғазо ижроия кенгаши» таркибига Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан ҳамда қатарлик дипломат Али ат-Тавадий киритилганига ҳам эътироз билдирди. Нетаняҳу ушбу масала бўйича мамлакат Ташқи ишлар вазирига АҚШ давлат котиби билан боғланишни топширган.

Расмий сабаблар очиқланмаган бўлса-да, 2023 йил октябрда уруш бошланганидан бери Исроил ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашгани Тел Авивнинг бу позициясига асосий омил сифатида баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid