
Николас Мадуро қўлга олингач, нефт арзонлаб, доллар қимматлашмоқда
АҚШнинг Венесуэладаги амалиёти бозорларни силкитди: нефть нархлари пасайди, доллар эса геосиёсий ноаниқлик фонида ҳимоя активи сифатида мустаҳкамланди.

Венесуэла раҳбари Николас Мадурони АҚШ махсус хизматлари томонидан қўлга олиниши жаҳон молия бозорларида кутилмаган реакцияни келтириб чиқарди.
«Financial Times» маълумотларига кўра, сиёсий беқарорлик одатда нефт нархларини оширса-да, бу сафар инвесторлар нархлар пасайишини афзал кўрди. Бозор иштирокчилари ҳокимият алмашинуви дунёдаги энг йирик нефт захираларига эга Венесуэла нефтига йўл очиши мумкин, деган кутилмаларни баҳоламоқда.
Душанба куни эталон нефт маркалари пасайишни намойиш этди. «Brent» баррели 0,5 фоизга арзонлаб, 60,44 доллар даражасига тушди. «WTI» эса 0,6 фоиз йўқотиб, 56,97 доллар атрофида қайд этилди.
Айни пайтда Венесуэла кўп йиллик санкциялар ва денгиз блокадаси туфайли жаҳон нефть ишлаб чиқаришининг 1 фоиздан камроғини таъминлаётган бўлса-да, «АҚШ Энергетика ахбороти бошқармаси» маълумотларига кўра, мамлакат жаҳон тасдиқланган нефт захираларининг тахминан 17 фоизига эга.
Инвесторлар бозорда нефт тақчиллигидан кўра, келгусида ортиқча таклиф пайдо бўлишини кутаётганини очиқ кўрсатмоқда. «Energy Aspects» консалтинг компанияси асосчиси Амрита Сеннинг таъкидлашича, бозорда АҚШ аралашуви қўшимча венесуэла баррелларининг қайтишига олиб келади, деган қараш устун. Шу билан бирга, «MST Financial» таҳлилчиси Сол Кавоник геосиёсий сарлавҳалар реал етказиб беришга таъсир қилмаётгани сабабли, трейдерлар бундай хатарларга анча бефарқ қараётганини таъкидлади.
Нефт арзонлашган бир пайтда, доллар аксинча мустаҳкамланди. «Bloomberg»нинг хабар беришича, АҚШ долларининг spot индекси сўнгги икки ҳафтадаги энг юқори даражага чиқди — 0,3 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, ривожланаётган давлатлар валюталари босим остида қолди: Мексика песоси 0,7 фоизга, евро эса 0,3 фоига пасайди, АҚШ ғазначилик облигациялари даромадлилиги бир базис пунктга тушди.
Бозор иштирокчилари долларни Венесуэла атрофидаги ноаниқлик ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг Вашингтон мамлакатни ўтиш даврида «бошқариши» ҳақидаги баёноти фонида асосий ҳимоя активи сифатида танламоқда. Шу билан бирга, инвесторлар яқин кунларда АҚШда эълон қилиниши кутилган инфляция ва меҳнат бозорига оид муҳим статистик маълумотларни диққат билан кузатмоқда.





