
Ноябр ойида жамоат транспортида қарийб 67 млн транзакция амалга оширилди
2025 йил ноябр ойида АТТО тўлов тизими Тошкент шаҳри ва республика ҳудудларида жамоат транспортидан фойдаланишда асосий инфратузилмага айланди.

Расмий маълумотларга кўра, жамоат транспортида амалга оширилган умумий транзакциялар сони 66,9 млнтага етди ва бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга ошди.
Тошкент шаҳрида транзакциялар ҳажми сезиларли ўсишни намоён қилди. Автобусларда тўловлар сони 2024 йил ноябрдаги 31,9 млнтадан 2025 йил ноябрда 36,9 млнтага етди ва 16 фоизлик ўсиш қайд этилди. Метрополитенда эса транзакциялар 17,1 миллионтадан 18,1 миллионтага чиқиб, 6 фоизга ошди.
Тўлов усуллари кесимида банк карталари орқали амалга оширилган операциялар энг юқори суръатда ўсди.
Хусусан, 2025 йил ноябрда банк карталари орқали 41,6 млн транзакция бажарилиб, бу ўтган йилга нисбатан 139 фоизлик ўсишни ташкил этди. Транспорт карталари орқали эса 17,2 миллион транзакция амалга оширилди. Метрополитенда қоғоз QR-чипталардан фойдаланиш камайиб, 1,5 миллионта операция қайд этилган бўлса, мобил QR-код орқали тўловлар 1,4 миллионтага етди. Шу билан бирга, автобусларда мобил тўловлар 365 фоизга, метро мобил QR-тўловлари эса 248 фоизга ўсди. АТТО виртуал карталари бўйича транзакциялар сони 138 фоизга кўпайиб, 511 мингдан ошди.
Республика ҳудудларида ҳам АТТО тизимидан фойдаланиш жадал суръатда кенгайди.
Самарқанд шаҳрида транзакциялар сони 767 мингтадан 2,9 миллионтага, Фарғонада 320 мингтадан 1,4 миллионтага, Урганчда 359 мингтадан 1,1 миллионтага, Наманганда 618 мингтадан 1,1 миллионтагача ўсди. Жиззах, Бухоро ва Навоий каби ҳудудларда ҳам бир неча баробарлик ўсиш кузатилди. Шунингдек, Олмалиқ, Гулистон, Шаҳрисабз, Ангрен, Термиз, Қўқон, Нукус ва Чирчиқ шаҳарларида АТТО орқали тўловлар 2025 йилда фаол жорий этилиб, юз минглаб транзакциялар амалга оширилди.
Умуман олганда, 2025 йил ноябрь ойида республика ҳудудларидаги транзакциялар сони 11,5 миллионтага етди ва ўтган йилга нисбатан 273 фоизга ошди. Шу даврда 24 мингдан ортиқ янги транспорт картаси сотилди, 13 мингдан зиёд виртуал карта яратилди.
Teglar






