Octobank SIBOS 2026 тадбирида халқаро ҳамкорлар билан 100 дан ортиқ учрашув ўтказди
Хориждан маҳсулот етказиб бериш харажатларини тўлаш, тушумни қабул қилиш, янги шартнома учун молиялаштириш манбасини топиш — бу вазифаларнинг ҳар бири ортида турли мамлакатлар банкларининг меҳнати ётади. Octobank яна бир бор тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида SIBOS 2026 кўргазмасида жаҳон молия бозорининг етакчи иштирокчилари билан учрашди.

Майами шаҳридаги Miami Beach Convention Center майдонида тўрт кун давомида Octobank делегацияси банклар, тўлов тизимлари ҳамда технологик компаниялар вакиллари билан 100 дан ортиқ учрашув ўтказди. Банк амалдаги ҳамкорлар билан мулоқотни давом эттириб, АҚШ, Европа, Осиё ва Яқин Шарқда янги алоқаларни йўлга қўйди.


Форум доирасида BNY, Raiffeisen Bank International, ICBC Standard Bank, China Construction Bank, Standard Chartered, Société Générale, Landesbank Baden-Württemberg, Citi Bank ва бошқалар билан учрашувлар ўтказилди. Муҳокамалар корреспондентлик муносабатлари, валюта ва банклараро операциялар, савдони молиялаштириш, шунингдек, тўлов ечимларини қамраб олди.
«Халқаро ҳамкорликда ҳар бир ҳамкорнинг имкониятларини ва биргаликда ишлаш шартларини тушуниш муҳим аҳамиятга эга. Банк мижозлари учун унинг натижаси аниқ бўлиши керак: халқаро ҳисоб-китобларни муваффақиятли амалга ошириш ва ўз бизнесининг имкониятларини кенгайтириш. Биз SIBOSда хорижий ҳамкорлар билан бирга қандай ечимларни таклиф қила олишимизни муҳокама қилдик. Юзма-юз музокаралар ушбу вазифаларни батафсил кўриб чиқиш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик учун зарур бўлган ишончни мустаҳкамлашга имкон беради», — деди Octobank бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ҳамид Жумаев.


SWIFT томонидан ҳар йили ташкил этиладиган SIBOS 28 сентябрдан 1 октябргача бўлиб ўтди. Octobank унда учинчи бор иштирок этди. Бу йил эса банк Ўзбекистондан ўз стенди билан қатнашган ягона банк бўлди.
Меҳмонлар ўзбекона меҳмондўстлик муҳитида — анъанавий таомлар ва эсдалик совғалари билан кутиб олинди. iPhone ютиқли ўйинлари мазмунга бой ишбилармонлик дастурига янада ёрқин таассуротлар бағишлади. Айниқса, Алишер Навоий, Амир Темур ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа атоқли намояндалари тасвирланган эсдалик тангалари катта қизиқиш уйғотди. Жамоа ушбу совғалар орқали меҳмонларни мамлакат тарихи ва бой маданий мероси билан таништирди.

Майамида Octobank Ўзбекистоннинг замонавий, халқаро ҳамкорликка очиқ банк секторини намойиш этди. Банк 25 йиллик тажрибаси ва бизнес эҳтиёжларини чуқур англашига таянган ҳолда, мижозларини хорижий бозорларда қўллаб-қувватлаш учун узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда.
