ОКМКда йирик мис лойиҳасини йил охиригача тўлиқ ишга тушириш топширилди
Президент ОКМКнинг 3-мис бойитиш фабрикасида барча технологик занжирларни йил якунига қадар ишга тушириб, ишлаб чиқаришни кескин оширишни топширди.
© prezident.uzОлмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларининг бориши Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди. Тақдимотда асосий эътибор 3-мис бойитиш фабрикаси фаолияти ва унинг кейинги босқичларини ишга тушириш ишларига қаратилди.
Лойиҳа «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Унинг умумий қиймати 2,7 миллиард долларни ташкил этади. Жорий йил март ойида фабриканинг биринчи навбати ишга туширилган эди.
Президент йил охирига қадар корхонада рудани қайта ишлаш ҳажмини ошириш, асосий технологик жараёнларни тўлиқ йўлга қўйиш ва ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш вазифасини белгилади.
Ишлаб чиқариш қуввати
Тақдимотда шарли тегирмонлар ва флотация линияларини босқичма-босқич тўлиқ қувватга чиқариш бўйича режалар муҳокама қилинди. Масъуллар белгиланган график асосида ишлар давом этаётганини маълум қилди.
Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, фабрика йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, қарийб 900 минг тонна мис концентрати ишлаб чиқариш қуввати яратилади.
Бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг рангли металлургия соҳасидаги имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириши ва экспорт салоҳиятини ошириши кутилмоқда.
Стратегик аҳамият
Маълум қилинишича, корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, ОКМКда мис концентратининг кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннагача кўпаяди.
Замонавий технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини қисқартириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имкониятлари ҳам пайдо бўлади. Бу эса комбинатнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлайди.
Шавкат Мирзиёев шу йил 16 март куни ОКМКга ташриф буюриб, 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида иштирок этган эди. Ушбу лойиҳа мамлакат тоғ-кон саноатидаги энг йирик инвестиция дастурларидан бири ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, конлардаги молибден, селен, теллур ва рений каби ноёб металлар захиралари янги юқори технологияли ишлаб чиқариш лойиҳалари учун ҳам муҳим ресурс базасини шакллантиради.
2025-йилда Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) 11,6 трлн сўм соф фойда олишга эришган.





