
Олтин қуймаларини қайтариб сотиб олиш нархи қанча?
Марказий банк 2026 йилдан бошлаб олтин қуймаларини сотиш нархлари билан биргаликда қайтариб сотиб олиш нархларини ҳам эълон қилмоқда. Сотиш ва сотиб олиш орасидаги фарқ — 4,9 фоизгача.

Марказий банк 2026 йил 5 январ куни учун олтин қуймаларининг нархларини эълон қилди. Унда биринчи марта қуймаларнинг қайтариб сотиб олиш нархлари ҳам маълум қилинди.
Олтин қуймаларининг сотиш ва сотиб олиш нархи ўртасидаги фарқ 3,9 фоиздан 4,9 фоизгача бўлмоқда. Қадоғи бут ҳолатдаги қуймалар сотиш нархидан 3,9 фоизга камроқ нархда сотиб олинаётган бўлса, техник талабларга мос келмайдиган қуймалар 4,9 фоиз арзонроқ нархда сотиб олинмоқда.

5 январ ҳолатига кўра, 100 гр олтин қуйма банкларда 174,7 млн сўмдан сотилмоқда. Декабр ойида бу қуйма рекорд нархда — қарийб 180 млн сўмдан сотилганди.
100 гр кўринишдаги олтин қуймалар илк марта 2025 йил январида, 116,6 млн сўм нарх билан сотувга чиқарилган эди.
Мамлакатдаги ҳамма банк ҳам олтин қуймаларини сотавермайди. Қайси банкдан қуйма сотиб олиш мумкинлигини Марказий банкнинг расмий сайтидан билиб олиш мумкин.
2026 йил нарх қандай бўлади?
Айни пайтда жаҳон бўйича олтин нархи троя унциясида 4 400 доллар атрофида бўлиб турибди.
Олтин нархи аксарият таҳлилчилар томонида 2026 йилда ҳам ўсиши кутилмоқда. JP Morgan таҳлилчилари кейинги йил охирида олтинни 5 200—5 300 доллар атрофида бўлади деб кутмоқда. Goldman Sachs прогнози эса 4 900 доллар атрофида.
Ушбу кутилмалар амалга ошадиган бўлса, 100 гр кўринишидаги олтин қуйма нархи 2026 йилда 200 млн сўмдан ошади. Бу эса унга бўлган талабни янада кучайтириши кутилмоқда.
Марказий банк олтин нархи 2026 йилга келиб 4 000 доллар атрофида бўлишини прогноз қилганди. Вазиятга қараб нарх 5 500 долларгача чиқиши ёки 2 500 долларгача арзонлаши ҳам мумкин.
Олтинга Ўзбекистон шароитида қандай қилин инвестиция киритиш ҳақида бу ерда ўқиш мумкин.





