add

Onix ва Damas ишлаб чиқарилиши қисқарди, Cobalt рекорд янгилади

Ўзбекистонда сентябр ойида Onix ва Damas ишлаб чиқарилиши пасайди, бироқ Cobalt йиллик рекордни янгилаб, умумий автосаноат ҳажмини оширишга ҳисса қўшди.

Onix ва Damas ишлаб чиқарилиши қисқарди, Cobalt рекорд янгилади

Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–сентабр ойларида жами 326,3 минг дона енгил автомобил ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоизга кўп, дея хабар берди Миллий статистика қўмитаси.

Ишлаб чиқариш ҳажмининг учдан бир қисми «Chevrolet Cobalt» моделига тўғри келди — 116 минг дона. Сентабр ойида 16 995 дона Cobalt ишлаб чиқарилиб, йил бошидан берги энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 8,6 фоиз кўпдир.

Иккинчи ўринни «Damas» модели эгаллаб, тўққиз ойда 67,9 минг дона, сентабрда эса 9997 дона ишлаб чиқарилди. Бироқ бу натижа августга нисбатан 4,6 фоизга, йил бошидан буён эса 3 фоизга камайди.

«Tracker» модели ишлаб чиқариш суръатини сақлаб қолган ягона UzAuto Motors автомобили бўлиб қолмоқда. Сентабрда 4249 дона кроссовер ишлаб чиқарилиб (+13,5 фоиз), йил бошидан буён 34,2 минг донага етди (+9,5 фоиз).

Шу билан бирга, «Onix» модели сентабрда 25 фоизга кам ишлаб чиқарилиб, 2357 донани ташкил қилди. Январ–сентабрда жами 22 598 дона Onix ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 8,7 фоизга пасайди.

Бошқа брендлар орасида «Kia» етакчилик қилмоқда — 19,6 минг авто билан 38 фоизлик ўсиш қайд этилди. «BYD» ишлаб чиқариши августга нисбатан кескин пасайиб, 800 донага тушган бўлса-да, йиллик ҳисобда 20 баробар кўпая олди. «Chery» ва «Haval» маркалари мос равишда 22,5 ва 200 фоиздан ортиқ ўсишга эришди.

Қўшимча равишда, 39,1 минг дона махсус енгил авто ишлаб чиқарилиб, бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўпдир.

Теглар

Мавзуга оид

Onix ва Damas ишлаб чиқарилиши қисқарди, Cobalt рекорд янгилади | Vaqt.uz