Оширилиши кутилаётган пенсия ёши, Ислом Каримов қарши бўлган Роғун ГЭСига 1 млрд доллар ва Жанубий Кореядан жалб қилинган инвестициялар — 15 сентябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бaир бор эсга оламиз.

Шавкат Мирзиёев Кореядаги ўзбекистонликлар билан учрашиб, қатор янги ташаббусларни муҳокама қилди
Ўзбекистон Президенти Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида миллий иқтисодиёт ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда Кореянинг рақамли технологияларини интеграция қилиш, тиббиёт, транспорт, божхона ва туризм соҳаларида инновацион ечимларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, IT мутахассисларини тайёрлаш ҳамда миллий тўлов тизимлари ва пул ўтказмалари платформаларини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш йўналишида эса Кореяда Ўзбекистон маданий марказлари тармоғини кенгайтириш, ўзбек тилини ўрганиш дастурларини жорий қилиш ва ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини корейс тилига таржима қилиш каби таклифлар илгари сурилди. Давлат раҳбари ватандошларнинг ҳар бир ташаббуси батафсил ўрганилишини, энг муҳим лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлаб, бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитлар яратилишини маълум қилди.
Роғун ГЭС учун миллиард долларлик шартнома тайёрланмоқда
Жаҳон банкининг янгиланган харидлар режасига кўра, Тожикистондаги Роғун ГЭСининг ўнг қирғоғида қолган иншоотларни қуриш (Lot 3A пакети) учун қиймати тахминан 1 миллиард доллар бўлган халқаро шартномани имзолаш кўзда тутилмоқда. Шартнома доирасида гидротехник иншоотлар, сув ташлаш қурилмалари, тоннеллар ва гидромеханик ускуналар қурилиши режалаштирилган бўлиб, ишларни 2028 йилнинг 4 февралига қадар якунлаш белгиланган.
Лойиҳанинг молиявий ва техник ҳолатига келсак, «S&P Global Ratings» агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, ГЭСни тўлиқ якунлаш учун яна тахминан 5,8 миллиард доллар талаб этилади. Ҳозирга қадар лойиҳага 60,3 миллиард сомоний сарфланган. 2027 йилга бориб тўғон баландлигини 1 185 метрга етказиш ҳамда шу йилнинг сентябригача 4-агрегатни ишга тушириш (станциянинг умумий лойиҳа қуввати 3780 МВт) мақсад қилинган. Бундан ташқари, Жаҳон банки лойиҳани техник ва экологик қўллаб-қувватлаш учун 15 млн доллар грант ажратган.
Маълумот ўрнида, мазкур йирик лойиҳа Марказий Осиё энергетикаси учун муҳим ҳисобланса-да, сейсмик хавф ва қуйи оқимдаги давлатларда сув тақчиллиги (жумладан, Орол фожиаси) муаммолари сабабли Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вақтида унга кескин қаршилик қилинган ҳамда лойиҳа устидан мустақил халқаро экспертиза ўтказилиши талаб этилган эди.
Пенсия ёши оширилиши, минимал иш стажи 15 йилга етказилиши мумкин — фармон лойиҳаси
Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатда ёшга доир пенсияга чиқиш учун зарур минимал иш стажини (ҳозирда 7 йил) босқичма-босқич ошириб бориб, 2034 йилга қадар 15 йилга етказиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга узайтириш ва 2039 йилга келиб эркаклар учун 63 ёшга, аёллар учун эса 58 ёшга етказиш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағлардан 2030 йилдан бошлаб ипотека бошланғич тўлови ёки оғир касалликларни даволаш учун фойдаланиш ҳуқуқини бериш ҳамда ушбу тизимни «Халқ банки»дан Пенсия жамғармасига ўтказиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, пенсияга кечроқ чиққан фуқароларни рағбатлантириш, ихтиёрий бадаллар учун давлат томонидан қўшимча маблағ қўшиш ва ўзини ўзи банд қилганларнинг ижтимоий солиғидан касаллик ва туғруқ нафақалари учун йўналтириш каби қатор янгиликлар ўрин олган. Мазкур ўзгаришлар ҳозирча муҳокама босқичида бўлиб, тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилингач кучга киради.
Ўзбекистон–Корея савдоси 1,7 млрд долларга етди: экспорт ва импорт қандай ўзгарди?
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи ва «Марказий Осиё – Корея Республикаси» саммити доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар сарҳисоб қилинди. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги товар айланмаси 1,7 млрд долларни ташкил этиб, Корея мамлакатнинг 5-йирик савдо ҳамкорига айланди. Томонлар яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 4 млрд долларга етказишни мақсад қилган.
Савдо балансида импорт ҳажми экспортга нисбатан қарийб 27 баравар юқори. Хусусан, 2025 йилда Кореядан 1,67 млрд долларлик маҳсулот ва хизматлар (асосан машина, транспорт ускуналари ва кимёвий маҳсулотлар) импорт қилинган бўлса, экспорт ҳажми 61,7 млн долларни (асосан хизматлар ва ноозиқ-овқат хомашёси) ташкил этган.
Шу билан бирга, инвестициявий ҳамкорлик жадал кенгаймоқда: бугунги кунда Ўзбекистонда корейс сармояси иштирокидаги корхоналар сони 730 тага етган (2018 йилга нисбатан 20 баробар кўп). Ташриф давомида икки давлат ўртасида умумий қиймати 12 млрд долларлик янги лойиҳалар портфели шакллантирилиб, Корея Эксимбанки билан уларни молиялаштириш учун 8 млрд долларлик стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
Ярим йилда солиқ тушумлари 75,1 фоизга кўпайди – молия вазири Жамшид Қўчқоров
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида берилган ҳисоботга кўра, йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети даромадлари 63,2 трлн сўмга ошиб, 207,4 трлн сўмни ташкил этган. Даромадлар ўсишининг асосий омили бевосита солиқлар тушумининг 75,1 фоизга (77 трлн сўм) ортгани билан изоҳланади. Билвосита солиқлардан 61,6 трлн сўм, ресурс ва мол-мулк солиқларидан эса 29,1 трлн сўм тушган.
Бюджет харажатларининг 51,5 фоизи ёки 105,8 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилган бўлиб, шундан 49,5 трлн сўми таълимга, 22,7 трлн сўми соғлиқни сақлашга ҳамда 7,3 трлн сўми нафақа ва моддий ёрдамларга сарфланган.
Шунингдек, ҳисобот даврида ЯИМ 8,5 фоизга ўсган (хусусан, хизматлар соҳаси — 16,9%, қурилиш — 13,8% ва саноат — 8%). Асосий капиталга инвестициялар 338,9 трлн сўмга (тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 12,4 млрд доллар), олтинсиз экспорт ҳажми эса 14,4 млрд долларга етган. Йил бошидан буён инфляция даражаси 3,3 фоизгача пасайган.





