Ўзбекистон Кувайтдан авиаёқилғи харид қилади

16.12.2025 | 11:432 daqiqa

Ўзбекистон ва Кувайт авиаёқилғи етказиб бериш, мева-сабзавот экспорти ва инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича келишувларга эришди.

Ўзбекистон Кувайтдан авиаёқилғи харид қилади

Ўзбекистон Кувайт билан иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш доирасида миллий авиакомпаниялар учун авиаёқилғи харид қилишни режалаштирмоқда. Бу масала инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг 13–15 декабр кунлари Кувайтга амалга оширган ташрифи давомида асосий йўналишлардан бири сифатида муҳокама қилинди.

Ташриф давомида Қудратов Кувайт ҳукумати, йирик саноат компаниялари, бизнес доиралар ва молия ташкилотлари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Музокараларда нефт-газ ва нефт-кимё соҳалари, логистика тизимини ривожлантириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувларда Кувайт нефт вазири ва Kuwait Petroleum Corporation раҳбари Тарек Сулаймон ал-Румий, шунингдек, савдо ва саноат вазири Халифа ал-Аскар иштирок этди. Томонлар Кувайт томонидан ўзбекистонлик авиакомпанияларга авиаёқилғи етказиб бериш имкониятларини, шу билан бирга, Ўзбекистондан Кувайт бозорига мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди.

Экспорт жараёнларини соддалаштириш мақсадида маҳсулотларни сертификатлаш бўйича лабораторияларни ўзаро аккредитация қилиш режалаштирилмоқда. Бу ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун Кувайт бозорига чиқишни тезлаштириши кутилмоқда.

Кувайт молия вазири, шунингдек, электр энергияси, сув ресурслари ва қайта тикланувчи энергетика вазири лавозимларини ҳам бажараётган Сабих Абдулазиз ал-Мухайзим билан бўлиб ўтган учрашувда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар “Форс кўрфази давлатлари — Марказий Осиё” тараққиёт жамғармасини ташкил этиш ташаббусини ҳам кўриб чиқди.

Ал-Мухайзим яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида қўшма лойиҳалар учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

The Times Kuwait нашрига кўра, Лазиз Қудратов нефт-кимё ва қурилиш соҳаларида ҳам алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирган. Шунингдек, Кувайтда Ўзбекистоннинг савдо вакили иш бошлаши режалаштирилмоқда.

Вазир Самарқанддан Кувайтга пилот товар етказиб бериш 15 кунда амалга оширилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Эрон портлари орқали Каспий денгизи йўналишидан фойдаланиш етказиб бериш муддатини 7–8 кунгача қисқартириши мумкин.

Ташриф доирасида Ўзбекистон–Кувайт бизнес-форуми ўтказилиб, электрон тижорат, ислом молияси, қурилиш ва тиббиёт соҳаларида фаолият юритаётган компаниялар билан учрашувлар ташкил этилди.

Teglar

Mavzuga oid