add

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 66,3 млрд долларга етиб, рекордни янгилади

Kecha 19:391 daqiqa

Жаҳон бозорида олтин нархининг жадал ўсиши натижасида декабр ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 5 миллиард доллардан ортиққа кўпайди.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 66,3 млрд долларга етиб, рекордни янгилади

2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, Марказий банк захираларидаги активларнинг умумий қиймати 66,31 миллиард АҚШ долларни ташкил этди.

Охирги бир ойда захиралар ҳажми 5,08 миллиард долларга ёки 8,3 фоизга ошган. Йил бошидан буён ўсиш суръати 61 фоизга етди. Марказий банк статистикасига кўра, бу натижа маълумотлар эълон қилина бошлаганидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Ўсишнинг асосий қисми олтин нархининг жаҳон бозорларида кескин кўтарилиши ҳисобига таъминланди. Марказий банк захираларидаги олтин қиймати бир ойда 4,23 миллиард доллардан зиёдга ошиб, 55,09 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, олтиннинг жисмоний ҳажми ҳам 0,4 миллион унцияга ўсиб, 12,6 миллион трой унцияни ташкил қилди.

Валюта захиралари ҳам ижобий динамикани намоён этди. Декабр ойида улар 1,09 миллиард долларга ёки 8,4 фоизга кўпайиб, 10,64 миллиард доллардан ошди. Жумладан, хорижий марказий банклар ва Халқаро валюта жамғармаси ҳисобларидаги валюта маблағлари 1,48 миллиард долларга, хорижий банкларда жойлаштирилган захиралар эса 7,63 миллиард долларга тенг бўлди.

Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати 5,3 миллион долларга ўсиб, 1,53 миллиард долларга етди. Ҳозирда олтин-валюта захираларида акция ва облигацияларнинг улуши 2,3 фоизни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойида Ўзбекистон Марказий банки 10 тонна олтин харид қилиб, дунёдаги энг йирик учта харидор қаторига кирган эди.

Teglar

Mavzuga oid