
Ўзбекистон паспорти дунёдаги энг кучли паспортлар рейтингида 75-ўринни эгаллади
Янги халқаро рейтингга кўра, Ўзбекистон фуқаролари 61 та давлатга визасиз ёки виза олишнинг соддалаштирилган тартиби билан саёҳат қилиши мумкин.

Халқаро миграция ва фуқаролик бўйича нуфузли тадқиқотни юритувчи «Henley & Partners» компанияси эълон қилган навбатдаги Henley Passport Index рейтингида Ўзбекистон паспорти дунёдаги энг кучли ҳужжатлар орасида 75-ўринни эгаллади. Индекс 101 та мамлакат паспортини қамраб олган бўлиб, унда фуқароларнинг визасиз ёки виза олишни соддалаштирилган тартибда амалга ошириш имкониятлари баҳоланади.
Рейтингга кўра, Ўзбекистон фуқаролари ҳозирда 61 та давлатга олдиндан виза олмасдан кириш имкониятига эга. Худди шундай кўрсаткич билан Қирғизистон паспорти ҳам 75-ўринни эгаллаб турибди. Марказий Осиё республикаларида бу борада Қозоғистон паспорт етакчи. Уларнинг 78 та давлатга визасиз киришга изн беради ва 61-ўриндан жой олган.
Озарбойжон паспорти 67-ўринда ва у 70 давлатга бемалол кириш имкониятини беради. Тожикистон 81-ўринда (54 та давлат) ва Туркманистон 87-ўринда (47 та давлат).
Қайд этиб ўтиш керак, 2025 йилда Ўзбекистон паспорти кучи жиҳати бўйича 80-ўринда қайд этилган эди. Ўтган йилнинг бошида Ўзбекистон паспорти билан 64 та давлат очиқ бўлган.
Жаҳон миқёсида эса етакчиликни яна бир бор Сингапур сақлаб қолди. Ушбу давлат паспорти эгалари 192 та мамлакатга визасиз саёҳат қилиши мумкин бўлиб, бу индекс тарихидаги энг юқори натижа ҳисобланади. Иккинчи ўринни Жанубий Корея ва Япония бўлишиб олган — уларнинг фуқаролари учун 188 та давлат очиқ. Учинчи поғонани эса Дания, Люксембург, Испания, Швеция ва Швейцария каби Европа давлатлари эгаллаб, улар 186 та мамлакатга визасиз кириш имкониятига эга.
Индекснинг қуйи қисмида эса узоқ йиллик можаролардан жабр кўраётган давлатлар қолмоқда. Афғонистон паспорти энг заиф деб топилиб, унинг фуқаролари атиги 24 та давлатга визасиз кириши мумкин. Сурия ва Ироқ ҳам энг паст кўрсаткичларга эга мамлакатлар қаторида қолмоқда.





