
Ўзбекистон қизамиқдан холи давлат мақомини йўқотди
Бунга охирги йилларда касаллик ҳолатларининг кескин кўпайиши ва эмлаш даражасининг талаб этилган меъёрдан пасайиб кетгани асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон қизамиқ касаллиги тўлиқ йўқ қилинган давлатлар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда «The Guardian» нашри Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига таяниб, хабар берди.
ЖССТ маълумотларига кўра, қизамиқни жиловлаш ва уни қайта тарқалишидан сақланиш учун аҳолининг камида 95 фоизи эмланган бўлиши шарт. Ушбу кўрсаткичдан паст даража вируснинг тез тарқалишига шароит яратади. Мутахассислар таъкидлашича, қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган энг юқумли касалликлардан бири ҳисобланади.
Рўйхатдаги бошқа давлатлар
Ташкилот маълумотларига кўра, Ўзбекистон билан бир қаторда Буюк Британия, Испания, Австрия, Арманистон ва Озарбайжон ҳам қизамиқдан холи давлат мақомини йўқотган. Айрим мамлакатларда бу қарор сўнгги йилларда касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолларининг қайта қайд этилиши ортидан қабул қилинган.
Қизамиқни олдини олиш мумкин
Шифокорлар қайд этишича, қизамиқ эмлаш орқали деярли 100 фоиз олдини олиш мумкин бўлган касаллик ҳисобланади. Бироқ вакцина қамрови пасайган тақдирда, у жуда тез тарқалади ва юқори иситма, тошмалар, оғир асоратлар ҳамда айрим ҳолларда ўлимга олиб келиши мумкин.
Сўнгги йилларда дунё миқёсида вакцинацияга нисбатан ишончсизлик кучайгани кузатилмоқда. Бу эса илгари деярли бартараф этилган қизамиқ каби касалликларнинг қайта авж олишига олиб келмоқда. Айниқса, болалар орасида эмлаш даражасининг пасайиши жиддий хавотир уйғотмоқда.
ЖССТ мамлакатларни эмлаш дастурларини кучайтиришга, аҳолини вакцинациянинг аҳамияти ҳақида хабардор қилишга ва болаларни тўлиқ эмлашни таъминлашга чақирди.
Маълумот учун: 2017 йилда ЖССТ Ўзбекистонни расман қизамиқ ва қизилча касаллигидан холи давлат деб тан олган эди.





