add

Ўзбекистон қуёш ва шамолдан 7 млрд kWh электр олди. Газга таъсири борми?

Энергетика вазирлигига кўра, қуёш ва шамол орқали ишлаб чиқарилган 7 млрд kWh электр энергияси натижасида Ўзбекистон 2 млрд метр кубдан ортиқ газни тежашга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон қуёш ва шамолдан 7 млрд kWh электр олди. Газга таъсири борми?
Бугун, 28 август ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 7 млрд kWhни ташкил қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. «Бу ўтган вақт мобайнида кунига ўртача 29,1 млн kWh электр энергияси қуёш ва шамол электр станцияларидан олинди, деганидир», - дейилади хабарда. Қайд этилишича, мазкур генерациянинг 4 млрд 360,6 млн kWh қисми қуёш электр станциялари томонидан, 2 млрд 639,4 млн kWh қисми эса шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган. Бунинг натижасида 2 млрд 100 млн метр куб табиий газ тежалишига эришилган. Атмосферага 2 млн 940 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди. «Қолаверса, жорий йил бошидан бугун, 28 август соат 16:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 11 млрд, 908,2 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу жорий йилдаги жами генерациянинг 21,5 фоизини ташкил қилади», - дейилади хабарда. Гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси натижасида 3 млрд 600 млн метр куб табиий газ тежалишига эришилган. Атмосферага 5 млн тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинган. Маълумот учун, мазкур ҳажмдаги электр энергияси 7,4 миллион хонадоннинг саккиз ойлик ёки 4,9 миллион хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади.

Теглар

Мавзуга оид