
Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича Қозоғистонга етиб олди — БМТ
БМТ ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда шаҳар аҳолиси улуши жадал ошиб, мамлакат 2050 йилга бориб Марказий Осиёда урбанизация бўйича етакчига айланиши мумкин.

БМТнинг 2025 йил якуний кўрсаткичларига асосланган навбатдаги ҳисоботига кўра, жаҳонда шаҳарлашув жараёнлари тезлашиб бормоқда. Марказий Осиёда эса Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича иккинчи ўринга чиқиб, Қозоғистонга деярли етиб олди. Шу билан бирга, узоқ муддатли прогнозлар мамлакатда демографик манзара кескин ўзгаришини кўрсатмоқда.
Глобал тенденция: қишлоқ аҳолиси улуши пасаймоқда
Сўнгги 75 йил ичида жаҳон аҳолисининг яшаш тарзи тубдан ўзгарди. ХХ аср ўрталарида дунё аҳолисининг атиги 20 фоизи йирик шаҳарларда яшаган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 44,8 фоизга етди. БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб сайёра аҳолисининг 48,3 фоизи мегаполисларда истиқомат қилади.
Шу билан бирга, кичик ва ўрта шаҳарларда яшовчилар улуши 35,6 фоизга тушган. Қишлоқ аҳолиси эса жаҳон аҳолисининг бешдан бир қисмидан ҳам камини — 19,6 фоизни ташкил этмоқда. 2050 йилга бориб ушбу кўрсаткич яна қисқариб, 17,1 фоизга тушиши кутилмоқда.
Марказий Осиёда урбанизация даражаси
2025 йил ҳолатига кўра, Марказий Осиёда йирик шаҳарлар аҳолиси улуши 41,1 фоизни, кичик ва ўрта шаҳарларда яшовчилар эса 41,6 фоизни ташкил қилмоқда. Минтақада қишлоқ аҳолисининг ўртача улуши 17,3 фоиз атрофида.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича ҳозирча иккинчи ўринда. Аҳолининг 43,8 фоизи йирик шаҳарларда, яна 43,4 фоизи кичик ва ўрта шаҳарларда яшайди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Марказий Осиёда қишлоқ аҳолиси улуши энг кам бўлган давлат ҳисобланади — жами аҳолининг атиги 12,8 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади.
Таққослаш учун, Қозоғистонда қишлоқ аҳолиси улуши 22,4 фоизни, Қирғизистонда эса 23,1 фоизни ташкил этади. Айни пайтда Қозоғистон урбанизация даражаси энг юқори давлат бўлиб қолмоқда: аҳолининг 45,3 фоизи йирик шаҳарларда яшайди.
2050 йил прогнозлари: Ўзбекистон етакчига айланиши мумкин
БМТ таҳлилчиларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистон йирик шаҳарларда яшовчи аҳоли улуши бўйича 54,6 фоиз кўрсаткич билан Қозоғистонни (51 фоиз) ортда қолдиради. Шу билан бирга, Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси улуши кескин камайиб, бор-йўғи 8,7 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Аксинча, Қозоғистонда қишлоқ аҳолиси улуши 18,7 фоизга етиб, у ҳатто Қирғизистондан ҳам юқори бўлиши кутилмоқда. Бу эса Қозоғистонни минтақадаги энг «қишлоқлашган» давлатга айлантириши мумкин.
Жаҳон минтақалари кесимида урбанизация
2025 йилда энг юқори урбанизация даражаси Жанубий Америкада қайд этилди — 54 фоиз. Кейинги ўринларда Осиё (46,1 фоиз), Африка (41,1 фоиз), Европа (40,4 фоиз), Океания ва Австралия (38,2 фоиз) ҳамда Шимолий Америка (36,8 фоиз) жойлашган.
Қизиқ жиҳати, қишлоқ аҳолисининг энг кичик улуши айнан Осиё қитъасида кузатилган — 15,4 фоиз. Энг юқори кўрсаткич эса Океания ва Австралияда бўлиб, 29,2 фоизни ташкил этган.





