Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув, салқин ичимликларда маркировка кодлари ўзаро тан олинади

15.02.2026 | 09:002 daqiqa

2026 йил 1 июндан Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув ҳамда салқин ичимликларга нисбатан рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш жорий этилади. Бу орқали ташқи савдода тартибни кучайтириш ва яширин савдо айланмасини қисқартириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув, салқин ичимликларда маркировка кодлари ўзаро тан олинади

2026 йил 1 июндан Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув ҳамда салқин ичимликларга нисбатан рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг рақамли маркировкаланган товарлар ҳаракатини такомиллаштиришга қаратилган қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, мазкур механизм товар айланмаси устидан давлат назоратини кучайтириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва ноқонуний маҳсулот айланмасига чек қўйишга хизмат қилади. Шу билан бирга, товарларни рақамли идентификация қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилган.

Солиқ қўмитаси ҳамкор давлатларнинг рақамли маркировка кодларини Ўзбекистон ҳудудида тан олиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Қўмита 2026 йил 1 апрелга қадар ахборот алмашиш талабларини ишлаб чиқиши ва хавфсизликни таъминлаши шарт. Шунингдек, ўзаро тан олинган хорижий кодларни электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса чекларида акс эттириш имконияти яратилади.

Маркировка қоидаларини бузиш ҳолатлари солиқ хавфини юқори деб баҳолаш учун асос бўлади. Маркировка коди бириктирилмаган электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилишига йўл қўйилмайди. Аввал фойдаланилган кодлар билан касса чеки шаклланишига ҳам чеклов жорий этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган мажбурий маркировкаланадиган товарларда кодлар мавжудлигини назорат қилади ҳамда ҳамкор давлатлар билан маълумот алмашинувини таъминлайди.

«Асл белгиси» миллий ахборот тизими оператори рақамли маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш учун масъул бўлади. Ўзбекистонда шакллантириладиган барча маркировка маълумотлари мамлакат ҳудудидаги дата-марказларда сақланади.

Teglar

Mavzuga oid