Ўзбекистон ва Озарбойжон мудофаа вазирлари Самарқандда учрашишди

21.10.2025 | 12:031 daqiqa

Самарқандда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тайёргарлик ва тажриба алмашувини кучайтириш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон мудофаа вазирлари Самарқандда учрашишди

20 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедов ва Озарбойжон мудофаа вазири генерал-полковник Закир Гасанов ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида томонлар ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш ва уни янги амалий йўналишларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда ҳар икки давлат мудофаа идоралари қўшма тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчилар ўртасида тажриба ва амалий билим алмашишни йўлга қўйиш, ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишиб олдилар. Шунингдек, халқаро терроризм ва минтақавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Музокаралар тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган амалий ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилди. Ҳар икки вазир икки давлат армиялари ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтариш иродасини билдирди.

21 октябрь куни Закир Гасанов Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирлари билан биргаликда Самарқанд вилоятидаги “Каттақўрғон” ҳарбий полигонида ўтказиладиган “Бирлик – 2025” минтақавий ҳарбий машғулотларини кузатиши режалаштирилган. Бу машғулотларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбойжон ва Қирғизистон бўлинмалари иштирок этади.

Teglar

Mavzuga oid