add

Ўзбекистонда 2025 йил декабрида инфляция 0,9 фоизни ташкил этди

Bugun 09:585 daqiqa

Декабр ойида инфляция 0,9 фоизни ташкил этди. Йиллик кўрсаткич эса 7,3 фоизга етди. Асосий сабаблар — озиқ-овқат ва ёқилғи қимматлашуви бўлди.

Ўзбекистонда 2025 йил декабрида инфляция 0,9 фоизни ташкил этди

2025 йил декабрида умумий истеъмол нархлари индекси (ИНИ) ойлик ҳисобда 100,9 фоизни ташкил қилди, йиллик ҳисобда эса — 107,3 фоиз. Бу декабрда 0,9 фоиз, йиллик 7,3 фоизлик инфляцияни англатади.

2025 йил давомида ИНИнинг ўртача ойлик ўсиши 0,6 фоиз даражасида қайд этилди (2024 йилда — бу кўрсаткич 0,8 фоиз эди). Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилмоқда.

Мевали ва сабзавот маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳисобга олмаган ҳолда, ойлик ИНИ 100,4 фоизни ташкил этди (2024 йил декабрида — 100,7 фоиз), йиллик ҳисобда эса — 107,9 фоиз (2024 йил декабрида — 112,0 фоиз).

Асосий озиқ-овқат турлари орасида ой давомида қуйидаги маҳсулотлар нархининг ошиши кузатилди: тухум — 3,4 фоиз (+йилликда -14,5 фоиз), олий навли ундан тайёрланган нон — 0,5 фоиз (+1,6 фоиз), сут — ўртача 0,4 фоиз (+5,7 фоиз), пахта ёғи — 0,4 фоиз (+17,7 фоиз), ун — ўртача 0,3 фоиз (-4,7 фоиз), суяксиз гўшт — 0,5 фоиз (+25,0 фоиз), суякли гўшт — 0,5 фоиз (+23,9 фоиз), қўй гўшти — 0,5 фоиз (+26,8 фоиз), парранда гўшти — 0,2–0,6 фоиз (+3,7 фоиз–4,2 фоиз оралиғида).

Ой давомида эса айрим маҳсулотлар нархида пасайиш кузатилди: гуруч — 1,8 фоиз (-16,6 фоиз), шакар — ўртача 2,3 фоиз (-4,8 фоиз), кунгабоқар ёғи — 0,5 фоиз (+12,7 фоиз).

Асосий сабзавот ва мевалар орасида энг кўп қимматлашгани баклажан бўлди — 55,9 фоиз (+8,0 фоиз), уни ортидан бодринг — 55,7 фоиз (+16,0 фоиз), помидор — 25,1 фоиз (+2,6 фоиз), булғор қалампири — 22,9 фоиз (-14,9 фоиз), карам — 22,8 фоиз (+31,8 фоиз). Нархи пасайганлар қаторида эса сабзи — 7,5 фоиз (+10,8 фоиз) ва цитрус мевалари — ўртача 2,4 фоиз (+33,6 фоиз) қайд этилган.

2025 йил декабридан бошлаб айрим ҳудудларда маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари тарифлари оширилди. Республика бўйича ўртача ҳисобда ушбу хизмат тури бир ойда 3,0 фоизга қимматлашди. Қолган коммунал хизматлар бўйича тарифлар ой давомида ўзгармади. Умуман олганда, 2025 йил якунига кўра, ушбу бўлимдаги нарх ва тарифларнинг ўртача даражаси 17,1 фоизга ошган. Жумладан, тармоқли газ — 39,2 фоизга, совуқ сув таъминоти ва канализация — 35,1 фоизга, маиший чиқиндиларни олиб чиқиш — 32,5 фоизга, суюлтирилган газ — 25,0 фоизга, электр энергияси — 18,8 фоизга, иссиқ сув таъминоти ва иситиш хизматлари мос равишда 11,9 фоиз ва 11,5 фоизга ошган. Турар жой биноларини хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун керакли материаллар бир йилда 5,4 фоизга қимматлашган.

Соғлиқни сақлаш соҳасида 2025 йил декабри давомида нархлар даражасида сезиларли ўзгариш кузатилмади. Бир ойда дори воситалари 0,2 фоизга (+йиллик ҳисобда 4,6%) қимматлашди, стационар ва амбулатор даволаниш хизматлари 0,2 фоизга ошди (йиллик ҳисобда мос равишда +7,6 фоиз ва +6,3 фоиз), соҳага доир бошқа хизматлар эса 0,1 фоизга (йиллик ҳисобда +10,0 фоиз) кўтарилди.

Бензин учун истеъмол нархлари индекси ойлик ҳисобда 102,4 фоизни ташкил этди (йилликда — 111,9 фоиз). 2025 йил декабрида АИ-80 маркали бензин нархлари 9 500 сўмдан 9 900 сўмгача, АИ-91 ва АИ-92 маркалари — 10 500 сўмдан 13 300 сўмгача, АИ-95 ва АИ-98 — 12 500 сўмдан 18 000 сўмгача оралиғида бўлди. Кузатилган энг қиммат бензин — АИ-100 литри 21 000 сўмгача сотилди.

Пропан учун ИНИ бир ойда 1,3 фоизга ошди (йилликда -10,5%) ва литри учун юқори нарх чегараси 7 600 сўмни ташкил этди. Метан нархлари ой давомида ўзгармади, бироқ 2024 йил охирига нисбатан 29,9 фоизга юқори даражада қолмоқда.

2025 йил декабрида транспорт хизматлари орасида шаҳар атрофи электр поездларида йўлкира 5,9 фоизга (йилликда +10,1 фоиз) кўтарилди. Шаҳар автобусларида йўлкира 3,2 фоизга (йилликда +21,1 фоиз), ички ва халқаро рейслар учун чипталар 2,0 фоизга (йилликда +21,7 фоиз) қимматлашди. Тайёр овқатни етказиб бериш хизматлари декабр ойида 1,0 фоизга (йилликда +6,3 фоиз) ошди.

2025 йил декабрь ойида мобил алоқа хизматлари ўртача 4,9 фоиз га қимматлашди (йиллик ўсиш +15,1 фоиз).

Репетиторлик хизматлари ой давомида ўртача 0,8 фоиз га (йиллик +6,6 фоиз), тил курсларида таълим хизматлари эса 0,3 фоиз га қимматлашди (йиллик +6,6 фоиз). Мактабгача таълим соҳасидаги хизматлар нархи 2025 йил ноябр ойи даражасида қолди (йиллик ўсиш +17,0 фоиз), олий таълим соҳасида эса нархлар бутун 2025 йил давомида барқарор сақланди.

Оммавий овқатланиш соҳасида хизматлар ой давомида 0,2–0,6 фоиз доирасида қимматлашган бўлса, меҳмонхона хизматлари нархи декабр ойида деярли ўзгармаган. 2025 йил давомида овқат ва ичимликлар билан таъминлаш хизматлари ўртача 8,6 фоизга, меҳмонхона хизматлари эса 9,1 фоизга қимматлашди.

2025 йил декабр ойида банк муассасалари хизматлари учун тўлов 3,3 фоизга ошди (йиллик ўсиш +6,9 фоиз), пул ўтказмалари хизмати эса 0,9 фоизга қимматлашди (йиллик пасайиш –6,1 фоиз).

Қисқа муддатли ИНИ диапазони санитария гигиена бўлимдаги товар ва хизматлар бўйича 99,2 фоиз (тиш чўткалари) дан 101,5 фоиз (соқол олиш устаралари ва лезвиялар) гача бўлди. Йиллик ИНИ учун эса диапазон 101,3 фоиз (қўл соатлари) дан 128,7 фоиз (қимматбаҳо металлардан ясалган узуклар) гача кузатилди. Бошқа бўлимлардаги нарх ўзгаришлари унчалик катта бўлмаган ёки умумий кўрсаткичга жиддий таъсир кўрсатмаган.

Умумий ҳолда, қисқа муддатли ИНИ бўйича бўлимлар кесимидаги диапазон 100,1 фоиз («Уй-рўзғор буюмлари, маиший техника ва турар жойни жорий хизмат кўрсатиш») дан 102,7 фоиз («Ахборот ва алоқа») гача бўлган. Шу билан бирга, «Ахборот ва алоқа» бўлими бундан мустасно, қолган барча бўлимларда қисқа муддатли ИНИ 2024 йил декабр ойига нисбатан паст бўлган.

2024 йил декабрига нисбатан ИНИнинг энг юқори чегараси 117,1 фоиз («Уй-жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёқилғи турлари») бўлди, энг пасти эса 99,7 фоиз («Суғурта ва молиявий хизматлар») даражасида қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида декабр ойи ва йиллик ИНИнинг ўртача республика кўрсаткичидан кескин фарқ қилиши ҳолатлари кузатилмади.

2025 йил декабр ойида товарлар бўйича ИНИ ўсиши 1,0 фоизни ташкил қилди (2024 йил декабрида — 1,2 фоиз), йиллик кўринишда эса — 5,4 фоиз (2024 йил декабрида — 4,7 фоиз). Озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ИНИ ой давомида 1,5 фоиз (2024 йил декабрида — 1,8 фоиз), йил давомида эса — 5,5 фоиз (2024 йил декабрида — 2,4 фоиз) бўлди. Ноозиқ-овқат товарлари учун ИНИ ойлик ҳисобда 0,3 фоиз (2024 йил декабрида — 0,4 фоиз), йилликда — 5,1 фоиз (2024 йил декабрида — 7,7 фоиз) даражасида қайд этилди. Хизматлар бўйича ИНИ ойликда 0,7 фоиз (2024 йил декабрида ҳам 0,7 фоиз), йилликда эса — 13,9 фоиз (2024 йил декабрида — 26,7 фоиз) бўлди.

2025 йил декабрь ойида жамғарма ИНИга энг катта таъсир «Озиқ-овқат маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар» бўлимидаги нарх ўзгаришлари орқали юз берди — ушбу ўзгаришлар туфайли жамғарма ИНИ 0,65 фоиз пунктга ошди (умумий таъсирнинг 73 фоизи). «Транспорт» ва «Ахборот ва алоқа» бўлимларидаги ўзгаришлар жамғарма ИНИни яна 0,15 фоиз пунктга оширди. Қолган бўлимлардаги нархлар ўсиши жамғарма кўрсаткичга яна 0,09 фоиз пункт қўшди.

2025 йилнинг январ–декабр ойлари давомида жамғарма ИНИнинг ўсишига энг катта ҳисса «Овқат маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар», «Уй-жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёқилғилар», ҳамда «Транспорт» бўлимларидаги нарх ва тарифлар ўзгариши ҳисобига киритилди (умумий ўсишнинг +5,51 фоиз пункти, яъни 75,5 фоизини ташкил этди). Бошқа бўлимлар таъсири унча катта бўлмасдан, жами 1,79 фоиз пунктни ташкил этди.

Teglar

Mavzuga oid