
Ўзбекистонда 422 судланувчи оқланди
2025 йил давомида 422 судланувчига оқлов ҳкуми чиқарилган бўлиб, шулардан 47,5 фоизи эски ҳукмларга алоқадор.

2025 йилда Ўзбекистонда 422 нафар судланувчига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлиб, шулардан 47,5 фоизи эски ҳукмларга алоқадор. Бу ҳақда бугун, 4 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Билдирилишича, 2016-2025 йилларда мамлакатда умумий ҳисобда 7129 нафар судланувчига оқлов ҳукми чиқарилган, шулардан 23 нафари 2024 йилга, 422 нафари 2025 йилга тўғри келади. Шунингдек, 829 нафар қатағон қурбони, жумладан, таниқли адиб Абдулла Қодирий ҳам оқланган.
«Vaqt.uz» журналисти 2025 йилда оқланганларнинг 47,5 фоизи эски ҳукмларга алоқадор эканидан келиб чиқиб, бу ҳолатда судянинг жавобгарлик масаласи нима бўлиши ҳақидаги саволни ўртага ташлади.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Алишер Усмоновнинг тушунтиришича, судянинг, терговчининг жавобгарлик масаласи, албатта, кўрилади.
«Агарда судя яққол шу бор ҳақиқатга кўз юмиб, адолатсиз қарор чиқарган бўлса, унга алоҳида. Лекин кечирасиз-у, ўша вақтда ишни кўриш жараёнида иш ҳолатлари, судга тақдим қилинган материаллар бўйича унинг айблилиги исботланган бўлиб, кейин қаердадир янги бир ҳужжатлар топилган бўлиши мумкин, айтайлик, янги далиллар тақдим қилинган бўлиши мумкин. Шунга ҳар бир ҳолатда индивидуал ёндашамиз. Ва агарда, айтяпман-ку, тергов жараёнида ва суд жараёнида ўша терговчининг, судянинг айби билан оқ қора дейилган бўлса, албатта керак бўлса, кескин чора кўрилади», – деди Олий суд раисининг биринчи ўринбосари.
Бироқ Алишер Усмонов суднинг айби билан нотўғри ҳукм чиқарилган ҳолатлар бўйича аниқ рақамларни келтирмади.
«Халқаро стандартларда ҳам ёзиб қўйган: судя қабул қилган қарори учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Агарда яққол адолатсиз, уни аниқ кўрсатадиган бир ҳолат бўлмаса… Энди минг афсуски, бу энди камчилик-да. Суд хатолари мана шу», деди у.
Эслатиб ўтамиз, шу матбуот анжуманида Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октабрдаги ҳукми билан 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган Акмал Шукуровнинг 2025 йил 9 декабрда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида озодликка чиқариб юборилгани ортидан қамоққа олинган Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича 3 нафар судяси ва Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари лавозими иши бўйича изоҳ берилмаган ва тергов жараёни кетаётган ишни муҳокама қилиш нотўғри экани айтилган эди.





