
Ўзбекистонда банк карталаридан кимлар кўпроқ фойдаланади?
Марказий банк таҳлилига кўра, Ўзбекистонда банк картасига эга аёллар кўп бўлишига қарамай, карталар сони бўйича эркаклар етакчилик қилади.

Ўзбекистон Марказий банки илк бор банк карталари бозорига оид кенг қамровли таҳлилни эълон қилди. Жами 298 турдаги банк карталари таҳлил қилинган. Уларнинг 287 таси дебет карталари, 11 таси эса кредит карталари ҳисобланади. Бозорда 35 та тижорат банки ўз карталари билан иштирок этмоқда.
Таҳлилга мувофиқ, банк картасига эга бўлган фуқароларнинг 51 фоизини аёллар, 49 фоизини эса эркаклар ташкил этади. Бу кўрсаткич аёлларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш даражаси барқарор ошиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, банк карталарининг умумий сони гендер кесимида бошқача манзарани акс эттиради. Амалдаги карталарнинг 55 фоизи эркаклар ҳиссасига тўғри келади, аёллар улуши эса 45 фоизни ташкил қилади. Бу эса эркаклар ўртасида бир нафар мижозга тўғри келадиган карталар сони юқорироқ эканини англатади.
Мутахассислар бу ҳолатни иш фаолияти, тадбиркорлик ва хизмат сафари билан боғлиқ молиявий эҳтиёжлар ортиши билан изоҳламоқда. Эркаклар кўпроқ дебет ва қўшимча ҳисоб-китоб карталарини очиши, шу орқали тўлов воситаларидан фаолроқ фойдаланиши қайд этилган.
Аввалроқ банк фаолияти «сирли мижоз» орқали баҳоланиши ҳақида маълумот берган эдик.





