add

Банк фаолияти «сирли мижоз» орқали баҳоланади

Бугун 11:151632 дақиқа

Кредит ташкилотларида мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва қонун талабларига риоя этилишини текширишнинг янги тартиби тасдиқланди.

Банк фаолияти «сирли мижоз» орқали баҳоланади

Кредит ташкилотларида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига амал қилинишини таъминлаш мақсадида «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартиби белгиланди. Мазкур низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳужжатга мувофиқ, банклар ва бошқа кредит ташкилотларида молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш жараёнида қонунчилик ва белгиланган стандартларга риоя этилиши махсус назорат орқали баҳоланади. Бу жараёнда «сирли мижоз» сифатида иштирок этувчи ваколатли ходимлар хизмат кўрсатиш сифатини текширади.

Низомга кўра, бундай назорат тадбирлари Марказий банк ёки унинг ҳудудий филиаллари масъул ходимлари томонидан амалга оширилади. Текширувлар банк филиалига бевосита чиқиб ёки масофадан туриб ўтказилиши мумкин.

Муҳим жиҳати шундаки, назорат тадбирлари кредит ташкилотини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилади. Бу хизмат кўрсатишнинг реал ҳолатини аниқлаш ва мижозлар дуч келаётган муаммоларни яширинча ўрганиш имконини беради.

Назорат тадбирини ўтказиш учун Марказий банк раиси ўринбосари ёки ҳудудий бош бошқарма бошлиғининг тегишли фармойиши чиқарилади. Назорат муддати одатда уч иш кунигача этиб белгиланади, давомли операциялар бўйича эса жараён якунланган кунгача давом этиши мумкин.

Назорат тадбири тугагач, «сирли мижоз» томонидан далолатнома расмийлаштирилади. Унда хизмат кўрсатиш жараёнида аниқланган ҳолатлар, қоидабузарликлар ва таклифлар акс эттирилади. Ушбу тартиб банк хизматлари бозорида шаффофликни ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид