Ўзбекистонда эркаклар сони аёллардан қарийб ярим миллионга кўплиги маълум бўлди
2026-йил 15-январ ҳолатига мамлакат доимий аҳолисининг умумий сони 39 млн 47,3 минг кишини ташкил этмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда 2026-йил 15-январ ҳолатига кўра, эркаклар сони аёллардан 485,1 минг нафарга кўп экани аниқланди. Мамлакат доимий аҳолисининг умумий сони эса 39 млн 47,3 минг кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг 19 млн 766,2 минг нафарини (50,6 фоиз) эркаклар, 19 млн 281,1 минг нафарини (49,4 фоиз) эса аёллар ташкил этган. Жинслар ўртасидаги тафовут 1,2 фоиз пунктга тенг бўлган.
Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси нисбати
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, аҳолининг ярмидан кўпи шаҳар ҳудудларида истиқомат қилади. Хусусан, 21 млн 276,7 минг киши (яъни аҳолининг 54,5 фоизи) шаҳар жойларда, 17 млн 770,6 минг киши (45,5 фоизи) эса қишлоқларда яшайди.
Ушбу кўрсаткичларга асосан, Ўзбекистонда шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисидан 3 млн 506,1 минг нафарга кўплиги қайд этилган.
Этник таркиби
Ўзбекистонда доимий яшовчи аҳолининг 89,4 фоизини ўзбеклар ташкил этади. Миллий таркиб бўйича иккинчи йирик гуруҳ тожиклар бўлиб, уларнинг сони 1,28 млн нафарга ёки аҳолининг 3,3 фоизига тенг. Кейинги ўринларда қорақалпоқлар — 841,4 минг (2,2 фоиз), қозоқлар — 707,3 минг (1,8 фоиз) ва руслар — 606,5 минг (1,6 фоиз) қайд этилган.
Шунингдек, мамлакатда 219,1 минг қирғиз (0,6 фоиз), 194,8 минг туркман (0,5 фоиз) истиқомат қилади. Бошқа миллат вакиллари эса 300 минг нафарни ёки аҳолининг 0,8 фоизини ташкил этади.
Ҳудудлар кесимида миллий таркиб сезиларли фарқ қилади. Ўзбекларнинг аҳоли таркибидаги энг юқори улуши Хоразм вилоятида қайд этилган — 98,7 фоиз. Энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистонда кузатилган — 47,6 фоиз.
Шунга қарамай, ўзбеклар Қорақалпоғистонда ҳам энг йирик миллий гуруҳ ҳисобланади. Ҳудудда қарийб 1,02 млн ўзбек ва 772,3 минг қорақалпоқ истиқомат қилади.
Тожикларнинг энг кўп қисми Сурхондарё вилоятида яшайди — 273,7 минг киши. Наманган вилоятида 254,7 минг, Фарғона вилоятида эса 210,2 минг тожик истиқомат қилади.
Этник русларнинг қарийб ярми Тошкент шаҳрида яшайди. Пойтахтда уларнинг сони 299,7 минг нафарни ташкил этиб, шаҳар аҳолисининг 9,3 фоизига тенг бўлган.





