
Ўзбекистонда «Фидойи қутқарувчи» медали жорий этилиши кутилмоқда
Фавқулодда вазиятларда инсон ҳаётини сақлаб қолган шахсларни рағбатлантириш мақсадида янги давлат мукофотини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Ўзбекистонда «Фидойи қутқарувчи» номли янги давлат медалини таъсис этиш режалаштирилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ташаббус фавқулодда вазиятлар вақтида инсон ҳаёти ва мол-мулкини асрашда алоҳида жасорат ва фидойилик кўрсатган шахсларни муносиб рағбатлантиришга қаратилган.
Кимлар тақдирланади?
Лойиҳага кўра, ушбу медал билан кўп йиллар давомида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, қутқарув ишларида бевосита иштирок этган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тақдирланади. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий давлатларда юз берган офатлар оқибатларини бартараф этишда фаол қатнашган идора ва ташкилотлар вакиллари ҳамда кўнгилли қутқарувчилар ҳам мукофотга лойиқ деб топилиши мумкин.
Айрим ҳолларда тезкор ҳаракатлари билан инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган, биринчи ёрдам кўрсатган ёки ҳалокатли офатларнинг олдини олишга ҳисса қўшган Ўзбекистон ва хориж фуқароларини ҳам тақдирлаш назарда тутилган. Бундан ташқари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда алоҳида жонбозлик кўрсатган фуқаро муҳофазаси раҳбарлари, мутахассислари ва қутқарувчилари ҳам ушбу рўйхатга киради.
Пул мукофоти
«Фидойи қутқарувчи» медали билан тақдирланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, яъни 4 миллион 420 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилиши белгиланган. Шу билан бирга, улар қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Медаль 0,25 микрон қалинликда олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланиб, диаметри 34 миллиметр бўлган доира шаклида бўлиши кўзда тутилган. Мукофотлаш жараёнлари «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 14 февралга қадар давом этади.





