Ўзбекистонда крипто-активлар рекламаси тартибга солинади

10.03.2026 | 11:182 daqiqa

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-хизматлар провайдерларига "фактик мазмун" бўйича асослантирилган мулоҳаза асосида лицензия беришни рад этиши мумкин бўлади, крипто-активлар билан боғлиқ рекламалар бўйича эса аниқ талаблар белгиланмоқда.

Ўзбекистонда крипто-активлар рекламаси тартибга солинади

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистон ҳудудида криптовалюта билан боғлиқ хизматлар рекламасига қўйиладиган талабларни янгилади. Тегишли буйруқ Lex.uz порталида эълон қилинди.

Янги таҳрирга мувофиқ, компаниялар криптоактивлар Ўзбекистонда тўлов воситаси ҳисобланмаслигини кўрсатиши шарт, “қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно” бўлади.

Шу билан бирга, бошқа талаблар, жумладан криптоактивлар билан боғлиқ операциялардаги таваккалчиликлар, пул маблағларини тўлиқ йўқотиш эҳтимоли ва уларнинг давлат томонидан кафолатланмагани тўғрисидаги огоҳлантиришлар ўз кучида қолади. Рекламада крипто инвестициялардан даромад олишни, улар ҳисобига осон бойишни ваъда қилиш, шунингдек, чегирма ва бонуслар таклиф этиш тақиқланади.

Бундан ташқари, “асослантирилган мулоҳаза” тушунчаси киритилмоқда. Бу литсензияловчи орган томонидан қонунчилик талабларига қўшимча равишда қўлланиладиган ҳамда “кўриб чиқилаётган масаланинг шаклий мазмунидан кўра ҳақиқий мазмунининг устуворлигини” назарда тутувчи касбий баҳони англатади.

Асослантирилган мулоҳаза хизмат кўрсатувчи провайдерлар фаолияти устидан назоратни амалга ошириш доирасида олинган маълумотларга, шунингдек, “мулоҳазани шакллантириш учун муҳим” бўлган бошқа ахборотга асосланади. Бундай ахборот хорижий назорат тузилмалари ва бошқа давлат органларидан, халқаро ташкилотлардан, жисмоний ва юридик шахслардан олиниши мумкин.

ИЛМАнинг асослантирилган мулоҳазаси хизмат кўрсатувчи провайдерга лицензия беришни рад этиш учун асос ҳисобланади. ИЛМА криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларини лицензиялаш тартибини 2022 йил август ойида тасдиқлаган эди. Унга кўра, криптобиржалар, криптодўконлар, криптодепозитарийлар ва майнинг-пуллар хизматларини фақат Ўзбекистоннинг резиденти бўлган юридик шахслар ҳар бир фаолият тури учун алоҳида лицензия мавжуд бўлгандагина кўрсата олади.

Хизмат кўрсатувчи провайдерлар серверларни мамлакат ҳудудида жойлаштириши ҳамда транзаксиялар ва мижозлар тўғрисидаги маълумотларни 5 йил давомида сақлаши шарт. Криптобиржаларнинг минимал устав фондига ва криптовалюта билан боғлиқ хизматлар рекламасига оид талаблар тасдиқланган.

Шавкат Мирзиёев 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат стейблкоинлардан фойдаланган ҳолда тўловлар соҳасида махсус ҳуқуқий режимни (“тартибга солиш қумдони”) ишга туширишни назарда тутади.

Teglar

Mavzuga oid