Ўзбекистонда машина ишлаб чиқариш 9,2 фоизга ошди
Tracker автомобиллари Onix’га қараганда 25,1 фоиз кўпроқ ишлаб чиқарилган. BYD Kia’дан 7,7 фоизга кўпроқ чиқарилди. Cobalt 4 фоизга кўпайди.
© Foto: shutterstockЎзбекистонда 2026-йилнинг январ–сентябр ойларида 356 минг 318 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 30 минг донага ёки 9,2 фоизга кўп. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Тўққиз ой давомида Cobalt энг кўп ишлаб чиқарилган автомобил бўлди ва унинг сони 120 минг 672 донага етиб, умумий ишлаб чиқаришнинг 33,9 фоизини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга кўп.
Иккинчи ўринни 63 минг 401 дона билан Damas эгаллаган. Бу жами ишлаб чиқарилган автомобилларнинг 17,8 фоизига тенг. Бироқ уни ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 фоизга камайган.
Кейинги ўринларда Tracker (34 минг 80 дона) ва Onix (27 минг 247 дона) жойлашган. Уларнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши мос равишда 9,6 ва 7,6 фоиз бўлган. Tracker автомобиллари Onix’га қараганда 25,1 фоиз кўпроқ ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, тўққиз ойда 26 минг 706 дона BYD ва 24 минг 801 дона Kia автомобиллари ҳам ишлаб чиқарилган. BYD ишлаб чиқариш ҳажми Kia’дан 7,7 фоизга юқори бўлди.
Chery автомобиллари сони 7 минг 221 донани, Haval эса 6 минг 953 донани ташкил этган. Уларнинг ҳар бири жами ишлаб чиқаришнинг қарийб 2 фоизига тўғри келган.
Бундан ташқари, 2 минг 137 дона Damas Move, 2 дона TANK 500 ҳамда 43 минг 98 дона махсус енгил автомобил ишлаб чиқарилган. Махсус енгил автомобиллар умумий ишлаб чиқаришнинг 12,1 фоизини ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Cobalt ишлаб чиқариш ҳажми ошаётганига қарамай, ички бозорда сотувлар камайганди.





