Logo

Қирғизистон — 2, Ўзбекистон — 4-ўринда: Осиёда иқтисодий ўсиш бўйича қайси давлатлар етакчи?

Bugun 10:555 daqiqa

Осиё тараққиёт банки 2026 йилда ривожланаётган Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодиёти 5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Сунъий интеллект буми ортидан Тайван 11 фоизлик кўрсаткич билан мутлақ етакчига айланган бўлса, Ўзбекистон 7 фоизлик ўсиш билан минтақада юқори ўринлардан бирини банд этди.

Қирғизистон — 2, Ўзбекистон — 4-ўринда: Осиёда иқтисодий ўсиш бўйича қайси давлатлар етакчи? © getmidas.com

Осиё 2026 йилда ҳам дунёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодий минтақаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ ўсиш суръатлари давлатлар кесимида кескин фарқ қилади. Сунъий интеллект ва яримўтказгичлар экспорти Тайван иқтисодиётига кучли туртки бераётган бир вақтда, Марказий Осиё мамлакатларида ўсиш асосан ички талаб, инвестициялар, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳисобига таъминланмоқда.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) эълон қилган «Asian Development Outlook» ҳисоботида ривожланаётган Осиё ва Тинч океани минтақасининг 2026 йилги иқтисодий ўсиш прогнозини 5 фоизга кўтарди. Бу июл ойидаги баҳолашдан 0,1 фоиз бандга юқори бўлса-да, 2025 йилда қайд этилган 5,5 фоизлик ўсишдан пастроқ. 2027 йилда эса минтақавий иқтисодий ўсиш 5,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

ОТБ таҳлилларига кўра, хусусий инвестициялар, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари ва сунъий интеллект билан боғлиқ технологиялар экспорти ўсишнинг асосий драйверлари ҳисобланади. Шу билан бирга, энергетика инқирози, геосиёсий зиддиятлар ва иқлим ўзгариши минтақа иқтисодиёти учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Осиёнинг энг тез ўсувчи иқтисодиётлари

ОТБнинг сентябрдаги прогнозлари асосида «Visual Capitalist» нашри Осиёдаги танланган 18 та давлат иқтисодиётини ўсиш суръати бўйича таққослади. Унга кўра, Тайван биринчи, Қирғизистон иккинчи ва Виетнам учинчи ўринни эгаллаган.

Таққослаш натижалари:

Ўрин

Мамлакат

2026 йилги ЯИМ ўсиши прогнози

1

Тайван

11,0%

2

Қирғизистон

8,9%

3

Виетнам

7,8%

4–6

Тожикистон

7,0%

4–6

Ўзбекистон

7,0%

4–6

Ҳиндистон

7,0%

7

Бутан

6,5%

8–9

Грузия

6,3%

8–9

Туркманистон

6,3%

10

Мўғулистон

5,7%

11

Индонезия

5,2%

12–13

Арманистон

5,0%

12–13

Сингапур

5,0%

14

Малайзия

4,9%

15

Қозоғистон

4,8%

16

Хитой

4,6%

17

Гонконг

4,2%

18

Шри-Ланка

4,0%

Нега Тайван иқтисодиёти 11 фоизга ўсмоқда?

Рўйхат карвонбошиси бўлган Тайван учун ОТБ 2026 йилги ўсиш прогнозини июл ойидаги кўрсаткичга нисбатан бирданига 1,5 фоиз бандга ошириб, 11 фоизга етказди. Банк буни сунъий интеллект (СИ) билан боғлиқ маҳсулотлар экспортининг кескин ўсиши билан изоҳлаган.

Тайван жаҳон яримўтказгичлар саноатининг юраги ҳисобланади. Мамлакатда микрочиплар, серверлар ва юқори самарали ҳисоблаш тизимлари учун энг муҳим электрон компонентлар ишлаб чиқарилади. СИ инфратузилмасига киритилаётган глобал инвестицияларнинг ортиши ушбу маҳсулотларга бўлган талабни мисли кўрилмаган даражада ошириб юборди.

Рақамлар ҳам буни тасдиқлайди. 2026 йилнинг биринчи ярмида Тайван иқтисодиёти 14,1 фоизга, жумладан, иккинчи чоракда 12,9 фоизга ўсган.

Экспорт ва инвестициялардаги рекордлар:

  • Технология экспорти: Биринчи ярим йилликда доллар ҳисобида 65 фоизга ошган.

  • Умумий экспорт: 28 фоизга кўпайган.

  • Импорт: 22 фоизга ўсган (бу асосан келгуси талабни қондириш учун технология маҳсулотлари захирасини шакллантириш билан изоҳланади).

  • Истеъмол ва инвестиция: Хусусий истеъмол қарийб 6 фоизга етган (2025 йилда бу кўрсаткич атиги 1 фоиз эди). Корхоналарнинг асосий капиталга йўналтирган инвестициялари эса қарийб 10 фоизга кўпайган.

Куз ойларида ҳам бу тенденция секинлашмади. Дастлабки баҳолашларга кўра, учинчи чоракда ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,36 фоизга ўсиб, сўнгги 48 йилдаги энг юқори кўрсаткични қайд этди. Октябр ойида эса товарлар экспорти 96,76 миллиард долларни ташкил этиб (йиллик ўсиш 58,9 фоиз), мамлакат тарихидаги мутлақ рекордни ўрнатди. Ташқи савдонинг ижобий салдоси бир ойнинг ўзида 27,88 миллиард долларга етган.

Тайвандаги маҳаллий ташкилотларнинг кутилмалари янада юқори. Хусусан, Тайван иқтисодий тадқиқотлар институти (TIER) ноябр ойида ЯИМнинг йиллик ўсиш прогнозини 12,34 фоизга, Марказий банк эса 11,48 фоизга кўтарди.

Марказий Осиёда ким тезроқ ривожланмоқда?

ОТБ прогнозида Марказий Осиё давлатлари ҳам барқарор ўсиш суръатларини намойиш этмоқда.

  • Қирғизистон (8,9%): Минтақада биринчи, умумий рўйхатда эса Тайвандан кейинги иккинчи ўринни эгаллаган. Бу июл ойидаги кўрсаткич билан бир хил.

  • Ўзбекистон (7,0%): Банк мамлакатнинг 2026 йилги ЯИМ ўсиши прогнозини июлдаги 6,7 фоиздан 7 фоизга кўтарди. Иқтисодий фаолликнинг аввал кутилганидан юқори бўлгани бунга асосий сабаб сифатида келтирилган.

  • Тожикистон (7,0%): Сентябр ҳисоботида прогноз 7,3 фоиздан 7 фоизга туширилди. Сабаб — Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг кескинлашиши ҳамда ёқилғи импортидаги узилишлар.

  • Туркманистон (6,3%): Ўсиш прогнози июл ойидаги даражада ўзгаришсиз қолган.

  • Қозоғистон (4,8%): Минтақанинг энг йирик иқтисодиёти 2026 йилда 4,8 фоиз, 2027 йилда эса 4,5 фоиз ўсиши кутилмоқда.

Иқтисодий хавфлар: энергия, иқлим ва инфляция

ОТБ Осиё иқтисодиётидаги ижобий рақамлар билан бир қаторда жиддий хавфларни ҳам санаб ўтган:

  1. Энергетика бозоридаги беқарорлик: Яқин Шарқдаги можаролар ва Россия–Украина уруши нефт, газ ва бошқа товарлар нархини юқори даражада ушлаб турибди. Бу импортга қарам давлатларда ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини оширади.

  2. Эл-Нино иқлим ҳодисаси: 2026 йил охири ва 2027 йил бошида кучайиши кутилаётган бу ҳодиса қурғоқчилик, ҳосилдорликнинг пасайиши ҳамда сув ва электр энергияси ишлаб чиқаришга қўшимча босим юзага келтириши мумкин.

  3. Молиявий беқарорлик ва савдо урушлари: СИ технологиялари билан боғлиқ акциялар қийматининг тушиб кетиш эҳтимоли, шунингдек, глобал савдодаги янги чекловлар инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Осиёда инфляция 2025 йилдаги 3 фоиздан 2026 йилда 4,2 фоизгача кўтарилиши кутилмоқда. ОТБнинг фикрича, энергия ташувчилар нархининг ортиши озиқ-овқат ва транспорт харажатларига бевосита таъсир қилади.

Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш прогнози оширилди

Осиё тараққиёт банки 2026 йил сентябр ойида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини 6,7 фоиздан 7 фоизга кўтарди. Банк мамлакатдаги иқтисодий фаоллик аввал кутилганидан юқори бўлганини бунинг асосий сабаби сифатида кўрсатган.

ОТБнинг баҳолашича, 2027 йилда Ўзбекистон ЯИМи 6,8 фоизга ўсиши мумкин. Бу прогноз июл ойидаги кўрсаткичдан ўзгаришсиз қолдирилган.

Инфляция бўйича эса вазият бироз бошқача. Банк 2026 йилги кутилмани 6,5 фоиздан 6,7 фоизга оширган. 2027 йилда истеъмол нархлари ўсиши 5 фоизгача секинлашиши прогноз қилинмоқда. ОТБ минтақавий ҳисоботида электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши мамлакатдаги нарх босимига таъсир қилувчи омиллардан бири сифатида кўрсатилган.

Шу тариқа, банк Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш аввалги прогноздан юқорироқ бўлишини кутмоқда, бироқ инфляция бўйича кутилмалар ҳам оширилган.

Teglar

Mavzuga oid