Ўзбекистондаги ижтимоий нафақа олувчилар сони маълум қилинди

Bugun 15:151 daqiqa

Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, мамлакатдаги ижтимоий нафақа олувчилар сони 4 мингга кўпайган.

Ўзбекистондаги ижтимоий нафақа олувчилар сони маълум қилинди © Javhar Chorshanbiyeva

2026 йил 1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ижтимоий нафақа олувчилар сони 718 281 нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 058 нафарга кўп.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, нафақа олувчиларнинг энг катта қисми ногиронлик нафақасига тўғри келади — 314 030 нафар. Шунингдек, 167 472 нафар 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун нафақа олади.

Парваришлаш нафақаси олувчилар сони 70 913 нафарни ташкил этган бўлса, ёшга доир нафақа олувчилар 95 950 нафарни ташкил этди. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчи оилалар сони эса 58 664 тага етган.

Алоҳида эътибор талаб қилувчи тоифалар ҳам давлат қўллаб-қувватловида қолмоқда. Жумладан, 9 555 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар моддий ёрдам оляпти. Шу билан бирга, 1 697 нафар оилавий болалар уйи ва патронат тизими орқали тўловлар билан таъминланган.

Солиштириш учун, 2025 йил апрель ойида ижтимоий нафақа олувчилар сони 714 223 нафарни ташкил этган эди. Бир йиллик ўсиш нисбатан барқарор бўлиб, ижтимоий сиёсатнинг давомийлигини акс эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда нафақа пулларидан кредит қарздорлигини ундириш тақиқланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid