
Ўзбекистонга Малайзия ва Индонезиядан жалб қилинган ҳар бир турист учун 100 доллардан субсидия ажратилади
Малайзиялик ва индонезиялик сайёҳларни Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларини Ўзбекистонда ўтказишга жалб этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, 2026–2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан «зиёрат туризми» йўналишида келадиган сайёҳлар сони 100 минг нафарга етказилади. Бу ташаббус «Умра плюс» дастури доирасида амалга оширилади ва халқаро туризм бозорида Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Йўл харитасига кўра, малайзиялик ва индонезиялик сайёҳларни Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларини Ўзбекистонда ўтказишга жалб этиш режалаштирилган. Шунингдек, мазкур давлатларда «Имом Бухорий изидан» ҳамда «Рамазонни Ўзбекистонда ўтказ» мавзуларида кенг кўламли тарғибот компаниялари ташкил этилади.
Айниқса, Малайзиянинг мусулмон аҳолиси кўп бўлган Келантан, Кедах ва Теренггану ҳудудларида алоҳида роадшоу ўтказиш белгиланган. Бу орқали маҳаллий бозорда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари тўғридан-тўғри тақдим этилади.
«Умра плюс» дастури доирасида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларини қамраб олган махсус туризм маршрутлари ишлаб чиқилади. Ушбу йўналишлар тарихий ва маданий мерос объектларига бой бўлиши билан ажралиб туради.
Қарорга асосан, 2026 йил якунигача Туризм қўмитаси томонидан Малайзия ва Индонезиядан турист жалб қилган туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади. Бу маблағлар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Қўмита икки ҳафта муддатда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари билан биргарликда маҳаллий туроператорларни жалб қилган ҳолда «Умра плюс» зиёрат туризми дастурини ишлаб чиқади. Бундан Маданий мерос агентлиги, Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари билан биргарликда дастур иштирокчилари учун қиш(20-ноябрдан 20-февралгача) ва ёз фаслларининг (июл ойи) номавсумий ойларида маданий мерос обектлари, меҳмонхона, овқатланиш ва бошқа хизматлар учун ихтиёрий чегирмалар жорий этилади.
Транспорт вазирлиги ТИВ ва Туризм қўмитаси билан биргарликда 2 ҳафта муддатда дастур учун маҳаллий ёки хорижой авиакомпаниянинг 10 та авиабортини, шу жумладан ижарага олиш орқали жалб қилишни таъминлайди. Шунингдек, Куала Лумпур—Самарқанд—Куала Лумпур ва Куала Лумпур—Бухоро—Жидда— Куала Лумпур ҳамда Жакарта—Самарқанд—Жидда—Жакарта ва Жакарта—Бухоро—Жидда—Жакарта туристик маршрутлари бўйлаб авиқатновларни рақобатдош нархларда ишлаб чиқилишини ҳамда дастурда иштирок этувчи туркомпанияларга тақдим этилишини таъминлайди.





