
Ўзбекистонликлар 2025 йилда кредит олишни кескин кўпайтирди
Йил давомида мамлакат аҳолиси 156,9 трлн сўмлик кредит расмийлаштирди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 49,9 фоизга кўпроқ бўлди.

2025 йилда Ўзбекистон аҳолиси банклардан 156,9 трлн сўмлик кредит олди. Мазкур кўрсаткич Марказий банкнинг статистик бюллетенидан маълум бўлди.
Ўтган йили аҳоли орасида кредит олиш сезиларли ошган — 49,9 фоизга. Таққослаш учун 2024 йилда ўсиш атига 4,4 фоизни ташкил қилганди.
Йил давомида банклар томонидан ажратилган кредитларнинг деярли ярми (45,8 фоиз) микроқарзлар бўлди. Аҳоли 71,8 трлн сўмлик микроқарз олди ва бу 2024 йилга нисбатан 56,7 фоизга ошди.

Иккинчи ўриндан ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ажратиладиган микрокредитлар жой олди — 28,5 трлн сўм (+63,5 фоиз).
Кейинги ўринларда истеъмол кредитлари (23,2 трлн сўм), автокредит (21,6 трлн сўм) ва ипотека кредити (21,2 трлн сўм) бормоқда.
Автокредитлар яна кўпайган
2025 йилда ажратилган автокредитлар миқдори 26,2 фоизга ошиб, 21,6 трлн сўмга етди. 2023 йилда автокредит ўзбекистонликлар орасида энг оммабоп кредит эди.
Ўша пайтларда автокредитлар шу қадар оммалашиб кетдики, Марказий банк 2023 йилнинг иккинчи яримда банкларга автокредит ажратишда чекловлар жорий қилди.
Шундан бери Ўзбекистон банклари автокредитни фақатгина кредит портфелига нисбатан 25 фоизгача ажратиши мумкин.
Автокредит ажратиш кескин ортгани ортидан автомобил бозорида нархлар ошиб кетганди. 25 фоизлик чегара жорий қилингач нарх сезиларли пасайди ва бу ҳозиргача давом этмоқда.
Микроқарзларга ҳам чегара режа қилинган
Марказий банк рискларни олдини олиш мақсадида микроқарзлар учун ҳам 25 фоизлик чегара жорий қилмоқчи.
Регулятор 2025 йилда бу борада қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйганди. Унда ажратилган микроқарзлар (шу жумладан, овердрафт ва кредит картаси) суммаси банкнинг жами кредит портфелидаги улуши 25 фоиздан ошмаслиги кўрсатилган.
Тошкент халқаро инвестиция форумида TBC Group Uzbekistan халқаро бизнес бўлими раҳбари Оливер Хюз Марказий банкнинг микроқарзларга 25 фоизлик чегараси 2029 йилдан бошлаб амал қилишини айтганди.
“Регулятор томонидан бир қанча талаблар бор ва биз бу ерда жуда актив назорат қилинамиз. Деярли ҳар ҳафтада янги қоидалар пайдо бўлади. Бироқ регуляторларнинг вазифаси шу, улар истеъмолчилар ва бизнес эгалари учун хавфсизликни таъминлашни хоҳлайди.
Марказий банк микроқарзларга 25 фоизлик чегарани 2029 йил 1 январдан бошлаб ўрнатади. Шу сабабли бу аста-секин содир бўладиган мослашув жараёни. Шундай қилиб микроқарзларга янги 25 фоизлик, автокредитларга бир неча йилдан бери амал қилиб келаётган 25 фоизлик чегара бўлади. Бошқа маҳсулотлар чекловларсиз қолмоқда”, — деган эди Хюз.
Банклар бу янги талабга мослашишни аллақачон бошлаб юборган. Сабаби айни пайтда бир нечта банкнинг кредит портфелининг асосий қисми микроқарзлардан иборат.
Бўлажак чеклов таъсири 2025 йилнинг IV чорагидаёқ сезилишни бошлаган. Июльда банклар аҳолига 7,4 трлн сўмлик рекорд даражада микроқарз берган бўлса, йилнинг сўнгги уч ойида бу кўрсаткич 4–4,6 трлн сўм оралиғида бўлган. Бу эса 2024 йилги даража.
Шу сабабли келаси йилларда микроқарз ажратиш автокредитлар каби пасаювчи тенденцияга ўтишини кутиш мумкин. Автокредитлар учун 25 фоизлик чегара қўлланилгач, автокредит ажратиш кескин камайиб кетганди.





