
Ўзбекистонликлар 2025 йилда қандай суғурталардан кўп фойдалангани маълум қилинди
2025 йил мобайнида суғурта хизматлари ҳажми сезиларли ўсиб, асосий улуш транспорт ва мулкни суғурталаш ҳиссасига тўғри келди.

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган суғурта хизматлари ҳажми 10,9 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди. 2025 йилги кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 2,9 трлн сўмга ошган.
Қайд этилишича, суғурта хизматлари умумий ҳажмида энг катта улушни баxтсиз ҳодисалардан суғурталаш, автотранспорт воситалари ҳамда бошқа транспорт турларини суғурталаш, шунингдек, юк ва мол-мулкни суғурталаш ташкил этган. Ушбу йўналишлар жами хизматлар ҳажмининг 81,7 фоизини эгаллаган.
Бу ҳолат транспорт воситалари сони ортиб бораётгани, логистика ва савдо ҳажмлари кенгайгани ҳамда мулкий манфаатларни ҳимоя қилишга бўлган эҳтиёж кучайгани билан изоҳланади.
Шу билан бирга, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида қайта суғурталаш хизматлари умумий ҳажмнинг 14,1 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич суғурта компанияларининг ўз рискларини бошқаришга ва барқарорлигини таъминлашга интилаётганини англатади.
Ҳаётни суғурталаш хизматларининг улуши эса 4,2 фоиз даражасида қайд этилган. Бу сегмент аҳолининг узоқ муддатли молиявий режалаштиришга қизиқиши ортиши билан келгусида ошиши мумкин.
Маълумот учун, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган суғурта хизматлари ҳажми 10 триллион сўмни ташкил этди. Бу давр мобайнида энг катта улушни бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш, автотранспорт воситалари ва бошқа транспорт турларини суғурталаш ҳамда юк ва мулкни суғурталаш каби йўналишлар эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан кучга кирадиган «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, суғурталанган шахсларга ишсизлик нафақаси тўлаб берилиши ҳақида хабар берган эдик.





