add

«Ўзбекнефтгаз»га 30 та истиқболли майдон ажратилади

Kecha 21:202 daqiqa

2026 йилдан геология-қидирувни жадаллаштириш орқали газ захираларини ошириш режалаштирилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз»га 30 та истиқболли майдон ажратилади

2026 йилдан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун камида 30 та истиқболли майдон тақдим этилади. Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Ўрол Саъдуллаев президент ҳузурида ўтган тақдимотдан сўнг маълум қилди.

12 январ куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолиятининг келгусидаги вазифаларига бағишланган тақдимот билан танишган эди. Унда энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, газ қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш ва геология-қидирув ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилган.

Ўрол Саъдуллаевнинг таъкидлашича, тақдимот доирасида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига республика ҳудудидаги истиқболли майдонларда қидирув ишларини кучайтириш вазифаси юклатилган. Натижада, 2026 йилдан бошлаб тайёр ҳолга келтирилган майдонларни босқичма-босқич «Ўзбекнефтгаз»га бериш режалаштирилган.

Унинг сўзларига кўра, белгиланган мақсадларга эришишда 2D ва 3D-сейсмик қидирув ишларини кенгайтириш асосий омил бўлади. Шунингдек, геологик тадқиқотлар самарадорлигини ошириш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Бу жараёнда «Ўзбекгеофизика» корхонасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам режалаштирилган. Инновацион ускуналар ва илғор ёндашувларни жорий этиш орқали геология-қидирув ишларининг аниқлиги ва натижадорлиги оширилиши кўзда тутилмоқда.

Маълум қилинишича, иқтисодий блок ва соҳавий раҳбарлар томонидан берилган маълумотларга кўра, геология-қидирув ишларини ривожлантириш «Ўзбекнефтгаз»нинг молиявий ҳолатини яхшилаш, таннархни пасайтириш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланишга хизмат қилиши кутилмоқда.

«Тақдимотда 2026 йилда „Ўзбекнефтгаз“ томонидан қилинадиган ишлар, xусусан, геологик қидирув ишларини ривожлантириш, геология тадбирларини амалга ошириш, корхонанинг молиявий ҳолати, ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини тушириш масаласи батафсил кўриб чиқилди. 3 кун муддатда тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда ҳам барча топшириқлар батафсил ёритилади», — дейди Ўрол Саъдуллаев.

Умуман, белгиланган вазифалар нефт-газ соҳасида трансформация жараёнларини чуқурлаштириш ва миллий энергетик хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

Teglar

Mavzuga oid