
Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш муддати қисқартирилади
Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар ва объектларга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш жараёнларини тезлаштириш мақсадида якуний хулоса бериш муддати 150 кундан 50 кунга қисқартирилади.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2025 йил 23 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Лойиҳа амалдаги қонун ижросида аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.
Мазкур ташаббус 2024 йил 5 августда қабул қилинган қонун амалиёти натижасида ишлаб чиқилди. Ушбу қонун йиллар давомида ҳал этилмай келган уй-жой ва ер муносабатларига оид масалаларни тартибга солишга хизмат қилган бўлса-да, айрим тартиб-таомиллар амалиётда ортиқча вақт талаб қилаётгани аниқланган.
Янги қонун лойиҳасига кўра, бир объект бўйича якуний хулоса бериш муддати 150 кундан 50 кунга қисқартирилиши режалаштирилмоқда. Хусусан:
Ваколатли ташкилотлар учун 20 кун;
Жамоатчилик муҳокамаси учун 10 кун;
Адлия органлари учун 20 иш куни белгиланмоқда.
Бу ўзгариш қонуннинг 2028 йил 1 январгача амал қилиш муддатини ҳисобга олган ҳолда таклиф этилмоқда. Мақсад — фуқароларнинг ҳуқуқини тезкор ва самарали тарзда эътироф этиш механизмларини жорий қилиш.
Шунингдек, амалиётда ҳуқуқни эътироф этишга тўсқинлик қилаётган асосий муаммолардан бири солиқ қарзлари билан боғлиқ. Айни пайтда 243 мингдан ортиқ объектда солиқ қарзи мавжуд бўлиб, улар қонун доирасида ҳал этилмай қолмоқда.
Шу сабабли, солиқ қарзи БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган ҳолларда ҳуқуқни эътироф этиш имкониятини бериш, 20 иш куни ичида бир марталик тўлов амалга оширилса 50 фоиз чегирма қўллаш ҳамда тўловларни 1 йилдан 3 йилгача бўлиб тўлаш механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.





