Ўзини ўзи банд қилганлар ҳам энди меҳнат шартномаси асосида ишлаши мумкин
Меҳнат шартномаси асосида банд бўлган шахслар (давлат фуқаролик хизматчилари бундан мустасно) бир вақтнинг ўзида рухсат этилган фаолият турлари бўйича ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб иш юритиши мумкин.
© Foto: SI asosida yaratilganЭнди ўзини-ўзи банд қилганлар меҳнат шартномаси бўйича ҳам ишлай олишади. Бу ҳақда Президентнинг «2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилди.
Қарорга кўра, меҳнат шартномаси асосида банд бўлган шахслар (давлат фуқаролик хизматчилари бундан мустасно) бир вақтнинг ўзида рухсат этилган фаолият турлари бўйича ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб иш юритиши мумкин.
Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда мазкур фаолият йўналиши бўйича иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур талабни қуйидагича изоҳлади: «Қурилиш компанияси ишчиси тандирчилик ёки кулолчилик фаолияти бўйича ўз-ўзига банд қилишни расмийлаштириши мумкин. Ёки бўлмасам, ўзини ўзи банд қилган новвой супермаркетга меҳнат шартномаси асосида ёлланма ишчи бўлиб ишга кириши мумкин. Фақат ёлланма ишчилик ва ўз-ўзини банд қилиш битта фаолият соҳасида бўлмаса кифоя».
Қарор давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилмайди. Улар учун амалдаги чекловлар сақланиб қолади.
Қандай қилиб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш мумкин?
Ўзини ўзи банд қилган шахслар — ўз ишини ўзи топиб, уни ўзи бажариш орқали даромад кўрадиган жисмоний шахслардир. Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилиш бепул, тезкор ва муддатсиз жараён бўлиб, асосан Солиқ мобил иловаси ёки my.gov.uz орқали онлайн амалга оширилади. ЖШШИР, паспорт/ID-карта ва телефон рақами орқали рўйхатдан ўтиб, QR-кодли гувоҳномани юклаб олиш мумкин. Шунингдек, давлат хизматлари марказига ёки туман солиқ бўлимлари орқали ҳам офлайн рўйхатдан ўтиш мумкин. Ўзини ўзи банд қилиш муддатсиз ҳисобланади, бекор қилинмагунча мақом амал қилаверади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар учун фаолият турлари 104 тадан 72 тага қисқартирилган эди.





