Паркентда «Cobalt» 9 ёшли болани уриб, судраб кетди
Ижтимоий тармоқларда 9 ёшли боланининг ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ЙҲХБ расмий маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент туманида «Cobalt» автомашинаси 9 ёшли болани уриб, судраб кетгани акс этган видео тарқалди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Маълумотларга кўра, ЙТҲ жорий йил 18 октябр куни соат тахминан 11:00 ларда D-015 (Қизилтоғ – Паркент – Янги бозор) автомобил йўлининг 57-километрида содир бўлган. 1986 йилда туғилган Х.Д. бошқарувидаги «Cobalt» русумли автомашина пиёдалар ўтиш жойидан югуриб ўтаётган 2016 йилда туғилган Ш.М.ни уриб кетган.
Натижада бола тан жароҳатлари олган ва Паркент тумани марказий шифохонасига ётқизилган. Тиббиёт ходимларининг маълумотича, унинг аҳволи яхши ва у даволаниш жараёнида.
Айрим ижтимоий тармоқларда бола ҳалок бўлгани ҳақида тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. ЙҲХБ бу хабарларни фейк деб атади.
Шунингдек, ЙТҲда иштирокчи сифатида 1992 йилда туғилган К.Х. бошқарувидаги «Damas» автомашинаси ҳам қайд этилган. Ҳозирда Паркент тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳодисанинг сабаблари ва барча тафсилотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси фуқароларни йўл қоидаларига қатъий риоя этишга чақирди.





