Logo

Пашинян партияси 49,81 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонди

Bugun 14:502 daqiqa

Арманистондаги парламент сайловларида Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси мутлақ кўпчилик овозни ололмаган бўлса-да, ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқини сақлаб қолди.

Пашинян партияси 49,81 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонди © am.sputniknews.ru

Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловларида бош вазир Никол Пашинян раҳбарлигидаги «Фуқаролик шартномаси» партияси 49,81 фоиз овоз тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловларда иштирок этиш даражаси 58,97 фоизни ташкил этган бўлиб, 1,47 миллиондан ортиқ фуқаро овоз берган.

Натижа 2021-йилги парламент сайловларида қайд этилган 54 фоизлик кўрсаткичдан паст бўлди. Шу билан бирга, партия сайловларда энг кўп овоз олган сиёсий куч сифатида парламентда устунликни сақлаб қолди.

Мухолифат кучлари

Иккинчи ўринни 23,29 фоиз овоз билан «Кучли Арманистон» альянси эгаллади. Учинчи ўринда эса Арманистоннинг собиқ президенти Роберт Кочарян бошчилигидаги «Арманистон альянси» бўлиб, у 9,94 фоиз овоз тўплади.

Тўртинчи ўринни тадбиркор ва миллиардер Гагик Сарукян асос солган «Гуллаб-яшнаётган Арманистон» партияси 4 фоиз натижа билан банд этди. Умуман олганда, мухолифат кучлари жами 37,23 фоиз овоз йиғди.

Сайловларда қатнашиш учун 18 та сиёсий куч рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг фақат тўрттаси парламентга ўтиш учун зарур бўлган чегарадан ўта олди.

Ҳукуматни ким тузади?

Арманистон қонунчилигига мувофиқ, парламентдаги ўринларнинг камида 52 фоизига эга бўлган сиёсий куч ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритади. Агар сайловларда энг кўп овоз олган партия 52 фоизлик чегарага етмаган бўлса, унга мазкур кўрсаткични таъминлаш учун қўшимча мандатлар берилиши мумкин.

Шу сабабли «Фуқаролик шартномаси» партияси 50 фоиздан кам овоз олганига қарамай, ҳукуматни мустақил шакллантириш имкониятини сақлаб қолмоқда.

Душанба куни эрталаб бўлиб ўтган матбуот анжуманида Пашинян ўз партияси ғалаба қозонганини айтиб, буни «тарихий ғалаба» деб атади.

«Арман халқи минтақавий фаровонлик ва ҳамкорлик учун овоз берди ва умид қиламанки, бу Туркия ва Озарбайжон томонидан ижобий жавоб олади», — деди у ва Ғарб ва Россия билан алоқаларни ривожлантиришда давом этишга ваъда берди.

Teglar

Mavzuga oid