Покистон Кобулдаги шифохонага зарба берди – «Толибон»
Афғонистоннинг маълум қилишича, Покистон ҳаво зарбаси оқибатида 400 киши ҳалок бўлган. Исломобод эса бу даъвони рад этмоқда.

Афғонистондаги «Толибон» ҳукумати вакилининг маълум қилишича, кеча, 16-март куни Покистон Кобулдаги гиёҳвандликка қарамлар реабилитацияси шифохонасига ҳаво зарбаси берган ва бунинг оқибатида камида 400 киши ҳалок бўлган, 250 киши жароҳат олган. Бу эса қўшни давлатлар ўртасидаги можаронинг кескин кучайганини кўрсатади.

«Reuters» эълон қилган суратларда ҳодиса жойида ёнғин излари қолгани, қорайиб кетган бир қаватли бино кўзга ташланади. Бошқа жойларда бинолар ёғоч ва металл уюмларига айланиб кетган, айрим хоналарда эса фақат бир неча икки қаватли каравотлар бутун ҳолда қолган. Атрофда ёпинчиқлар, шахсий буюмлар ва ётоқ жиҳозлари сочилиб ётади.
«Кеча кечқурун келганимда ҳамма нарса ёнаётганини, одамлар ёнаётганини кўрдим. Эрталаб яна қўнғироқ қилишди ва вайроналар остида ҳали ҳам жасадлар борлигини айтиб, мени қайта чақиришди», – деди тез ёрдам ҳайдовчиси Ҳожи Фаҳим «Reuters» агентлигига.
Зарар кўрган муассаса олдида тез ёрдам машиналари ва полиция автомобиллари тўхтаб турган эди. Белгисида бу жой «1000 ўринли гиёҳвандликни даволаш шифохонаси» деб кўрсатилган. Хавфсизлик ходимлари эса ҳудудни қўриқлаб туришган.

Покистон бу даъвони ёлғон ва чалғитувчи деб рад этди ҳамда душанба куни кечаси «аниқ равишда ҳарбий объектлар ва террорчиларни қўллаб-қувватловчи инфратузилмани нишонга олганини» маълум қилди.
Ҳаво зарбаси Хитой Осиёдаги ушбу давлатлар ўртасидаги тарангликни юмшатишга тайёрлигини билдирганидан бир неча соат ўтиб содир бўлди. Пекин ҳар икки томонни урушни кенгайтирмасликка ва музокаралар столига қайтишга чақирганди.

Ўтган ой бошланган можаро 2600 километрлик чегарага эга бўлган қўшни давлатлар ўртасидаги энг оғир тўқнашув ҳисобланади. Хитой каби дўст мамлакатлар воситачилик қилиб, жангни тўхтатишга ҳаракат қилган пайтда можаро бироз пасайган эди, аммо кейин яна авж олди.

Бу кескинлашув минтақадаги умумий беқарорлик фонида юз бермоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари ҳамда Теҳроннинг жавоб чоралари Яқин Шарқни жиддий инқирозга олиб кирди.
Покистон: қўшимча зарар йўқ
«Толибон»нинг расмий вакили ўринбосари Ҳамдуллаҳ Фитратнинг айтишича, ҳаво зарбаси душанба куни соат 21:00 да амалга оширилган ва давлатга қарашли «Омид» шифохонаси нишонга олинган. Унинг таъкидлашича, бу муассаса 2000 ўринли гиёҳвандликка қарши реабилитация маркази бўлган.
«Шифохонанинг катта қисми вайрон қилинди ва қурбонлар сони жуда кўп бўлиши мумкин. Афсуски, ҳозиргача ҳалок бўлганлар сони 400 нафарга етди, яна 250 нафаргача одам жароҳат олган», – деб ёзди у X тармоғидаги постида.
Унинг қўшимча қилишича, қутқарув гуруҳлари ҳодиса жойида ёнғинни ўчириш ва жабрланувчиларни қидириб топиш ишларини олиб бормоқда.
Покистон Ахборот ва телерадиотрансляция вазирлиги «Толибон»нинг баёнотини «фактларни нотўғри ёритиш» деб атади. «X» тармоғида тун давомида эълон қилинган баёнотда айтилишича, Покистон Кобул ва Нангарҳордаги ҳарбий объектлар ҳамда «террорчиларни қўллаб-қувватловчи инфратузилма»ни нишонга олган. Улар қаторида техника сақланадиган жойлар ва ўқ-дорилар омборлари ҳам бўлиб, бу объектлар Афғонистон «Толибон»и ва Покистон «Толибон»и жангчилари томонидан Покистон фуқароларига қарши қўлланилгани таъкидланган.
«Покистоннинг зарбалари аниқ ва эҳтиёткорлик билан амалга оширилган, шунинг учун қўшимча зарар етказилмаган. Бу ҳодисани гиёҳвандликни даволаш муассасаси сифатида кўрсатиш ҳиссиётларни қўзғатишга қаратилган бўлиб, чегара орти терроризмни ноқонуний қўллаб-қувватлашни яширишга уринишдир», – дейилади баёнотда.
ОАВ бинони олов қамраб олганини кўрсатмоқда
«Омид» шифохонаси 2016-йилда ташкил этилган бўлиб, маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, у юзлаб одамларни даволаган, шунингдек, уларни иш билан таъминлаш имкониятини ошириш мақсадида тикувчилик ва дурадгорлик каби касбларга ўқитган.
Маҳаллий ОАВ томонидан тун давомида тарқатилган видеоларда бир қаватли бинони аланга қамраб олгани, шу билан бирга, мажмуанинг бошқа қисмида қалин тутун кўтарилаётгани кўрсатилган.
Уруш қандай бошланганди?
Аввал яқин иттифоқчи бўлган Жанубий Осиёдаги қўшни давлатлар ўртасидаги шиддатли жанглар ўтган ойда бошланди. Исломобод Афғонистонда амалга оширган ҳаво зарбаларида жангарилар паноҳ топган нуқталар нишонга олинганини билдирган.
Афғонистон эса бу зарбаларни ўз суверенитетига тажовуз ва тинч аҳолига қарши ҳужум деб баҳолаб, жавоб зарбаларини амалга оширди.
Ҳар икки томон ҳам бир-бирига катта зарар етказганини даъво қилмоқда, аммо бу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлаш имкони бўлмади.
Исломободнинг таъкидлашича, Кобул Покистонга қарши ҳужумлар уюштирувчи жангарилар учун хавфсиз паноҳгоҳ тақдим этмоқда. «Толибон» эса бу айбловларни рад этиб, экстремизмга қарши кураш Покистоннинг ички муаммоси эканини билдирмоқда.
Афғонистонда инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ махсус маърузачиси Ричард Беннет Покистоннинг янги ҳаво зарбалари ва улар оқибатида тинч аҳоли қурбон бўлгани ҳақидаги хабарлардан «чуқур ташвиш»да эканини билдирди.
«Ҳамдардлигимни билдираман. Томонларни кескинликни пасайтиришга, максимал даражада эҳтиёткорликка риоя қилишга ва халқаро ҳуқуққа, жумладан, тинч аҳоли ҳамда шифохоналар каби фуқаровий объектларни ҳимоя қилиш талабларига амал қилишга чақирман», – деди у «X» тармоғидаги баёнотида.





