add

Покистон суди Имрон Хонга яна 17 йил қамоқ жазоси берди

Bugun 16:552901 daqiqa

Мамлакат собиқ бош вазирига суд қарори билан берилган ушбу муддат амалдаги жазоларга қўшимча ҳисобланади.

Покистон суди Имрон Хонга яна 17 йил қамоқ жазоси берди

Покистон суди мамлакатнинг собиқ бош вазири, «Адолат учун ҳаракат» партияси асосчиси Имрон Хонни коррупция иши бўйича яна 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Шу иш доирасида Имрон Хоннинг рафиқаси Бушра Биби ҳам 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Суд қарорида жазо тайинлашда Имрон Хоннинг ёши ва Бушра Бибининг жинси инобатга олингани, шу омиллар сабаб жазо нисбатан енгиллаштирилгани қайд этилган.

Тергов материалларига кўра, 2021 йил май ойида Имрон Хон Саудия Арабистони ҳукуматидан зеб-зийнат буюмларини совға сифатида олган, аммо уларни давлат омборига топширмасдан, шахсий мулки сифатида сақлаб қолган. Шу билан бирга, у ушбу буюмлар учун уларнинг бозор қийматидан тахминан 14 баробар кам маблағ тўлагани айтилмоқда.

Суд Хонни бир нечта моддалар, жумладан, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича айбдор деб топди. Эр-хотин жаримага ҳам тортилди. Агар жарима тўланмаса, қамоқ муддати яна узайтирилиши мумкин.

Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарарнинг маълум қилишича, янги 17 йиллик муддат аввал тайинланган жазо тугагандан кейин ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, 2025 йил январ ойида суд Имрон Хонни коррупция иши бўйича 14 йилга, унинг рафиқасини эса 7 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

«Адолат учун ҳаракат» партияси янги ҳукмни қоралаб, қарор ишончли далилларга асосланмаганини билдирди. Имрон Хон эса аввал ҳам бир неча бор уни ҳокимиятдан четлатиш ташқи кучлар билан келишув орқали амалга оширилганини таъкидлаб келган.

Teglar

Mavzuga oid