Пойтахтда кўп қаватли уйнинг таянч деворини бузганлар жазоланди

14.02.2026 | 11:002 daqiqa

Квартирада таянч деворни ўзбошимчалик билан ўзгартириш мумкинми ва бу қандай жавобгарликка олиб келади?

Пойтахтда кўп қаватли уйнинг таянч деворини бузганлар жазоланди © Фото: t.me/uzauz

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кўп қаватли уйда мулкдор томонидан асосий таянч девор бузиб, эшик очилгани аниқланди ва унга нисбатан маъмурий чора қўлланилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мурожаат асосида ўтказилган ўрганиш жараёнида деворга ноқонуний аралашув бинонинг сейсмик барқарорлигига салбий таъсир кўрсатгани маълум бўлди. Инспекция томонидан МЖтКнинг 159-моддаси 3-қисмига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди ва ҳолатни 15 кун ичида аввалги ҳолатига қайтариш бўйича мажбурий ёзма кўрсатма берилди.

Таянч деворни ўзгартириш мумкинми?

Мутахассислар таъкидлашича, таянч девор ва устунлар бино юкламасини ушлаб турадиган асосий конструксиялар ҳисобланади. Уларнинг бузилиши деворларда ёриқлар, қаватлар ўртасида силжиш ва ҳатто иншоотнинг қисман ёки тўлиқ вайрон бўлишига олиб келиши мумкин.

Қандай жавобгарлик бор?

Амалдаги қонунчиликка кўра, кўп қаватли уйларда таянч конструкцияларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш қатъиян тақиқланган. Бундай ҳолат аниқланса, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаригача, мансабдор шахсларга эса 100 баробаригача жарима қўлланилиши мумкин.

Қонун нормаларига мувофиқ, ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрорланса, у жиноят сифатида баҳоланади. Бундай ҳолатда айбдорларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланиши мумкин.

Агар таянч конструкцияга етказилган зарар оғир оқибатларга, жумладан инсонлар жароҳатланиши ёки ҳалок бўлишига олиб келса, жавобгарлик янада кучайтиради. Бундай вазиятларда айбдор шахсларга нисбатан алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланиб, жазо чоралари кескинлаштирилади.

Мутахассислар таъкидлашича, уй — тажриба майдони эмас. Ҳар қандай ноқонуний қурилиш ёки ўзгартириш нафақат мулкка, балки инсон ҳаётига ҳам хавф солади.

Teglar

Mavzuga oid