Президент Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги фаолияти билан танишди

Шавкат Мирзиёев 1992-1996 йилларда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган. Ўша йиллари фойдаланган «Волга» хизмат автомобили ҳам ҳозиргача ҳокимлик архивида сақланмоқда.

Президент Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги фаолияти билан танишди © Foto: president.uz

Бугун, 23 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига ташриф буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари дастлаб ҳокимлик биноси ёнидаги Салар канали устига қурилган кўприкни бориб кўрган, ҳудуддаги кўкаламзорлаштириш ишларини кўздан кечирган ва шу ерда кўчат эккан. Шундан сўнг туман ҳокимлиги биносида яратилган шарт-шароитлар билан танишган.

Президент 1992-1996 йилларда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Ҳокимлик биносида давлат раҳбари ҳоким бўлиб ишлаган даврдаги қиёфада қайта тикланган хизмат кабинети ва хизмат автомобили кўрсатилган. Давлат раҳбари ҳокимлиги пайтида қабул қилган энг муҳим қарорлар кўргазмага қўйилган. Танишув чоғида Президент ўша вақтдаги фаолиятидан хотиралари билан бўлишган.

Шу пайтгача Мирзо Улуғбек туманида жамоат хавфсизлиги, транспорт, ижтимоий ёрдам, коммунал, молия ва банк каби 30 та ташкилот ўз йўналиши бўйича алоҳида-алоҳида, тарқоқ ҳолда ишлаган. Ягона тизим йўқлиги аҳоли мурожаатини тезкорлик билан ҳал қилишга катта тўсиқ бўлган, ортиқча вақт ва сарсонгарчиликка олиб келган.

Ҳозир ҳокимликда вазиятлар маркази ташкил этилиб, сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Ақлли туман” платформаси яратилди. Муҳими, тумандаги барча маҳалла вакиллари билан онлайн мулоқот қилиш, вазиятдан доимо хабардор бўлиш имконияти яратилган.

Бу ерда ижтимоий ва коммунал муаммолар мониторинг қилинади, аҳоли мурожаатлари ижроси назоратга олинади, фавқулодда ҳолатларда тегишли хизматлар фаолияти тезкор бошқарилади ва мувофиқлаштирилади.

Платформа таркибидаги «Хавфсиз туман» тизими ҳуқуқбузарликларни мониторинг қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Тадбиркорлик субъектларининг рақамли харитаси сунъий интеллект таҳлили асосида солиқ тушумларини прогноз қилиш ва уларнинг йиғилувчанлигини таъминлашга қаратилган. «AI Davomat» тизими эса мактабларда сабабсиз дарс қолдириш ҳолатларини бартараф этиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Бундай платформалар Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида ҳам ишга туширилди.

Президент вазиятлар маркази фаолияти билан танишиб, ушбу янги тизимни пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этишга топшириқ берди. Барча вилоят ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар, хавфсизлик ва солиқ идоралари раҳбарлари Мирзо Улуғбек туманига келиб, ушбу янги тизимни ўрганиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Teglar

Mavzuga oid

Президент Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги фаолияти билан танишди | Vaqt.uz