add

Президент мурожаати, тинтув қилинган аҳоли уйи, одам устига қулаган раста, уй олдидаги пуллик парковка — ҳафта дайжести

Kecha 18:256 daqiqa

2025 йилнинг сўнгги ҳафтаси ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.

2025 йил ҳам якунига етиб бормоқда. Бу ҳафтадаги энг муҳим воқеалардан бири Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномаси бўлди. Айнан шу тадбирда давлат раҳбари 2026 йилни «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилишни таклиф қилди. Шу ва ҳафтанинг энг муҳим воқеалари ҳафталик дайжестимизда.

  • Пуллик бўлаётган «дом» олдидаги парковкалар

  • Одамлар устига қулаган бозор растаси

  • Ўзбек сўмини ёқиб, сигарет тутатган хитойликлар

  • Тинтувдан норози самарқандликлар

Илк ўзбек космонавти коинотга учади

Ўзбекистон илк бор ўзининг сунъий йўлдоши ва фазогирини космосга учиришга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида маълум қилди.

«Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва биринчи ўзбек фазогирини учириш бўйича ишларни бошладик. Бу – Янги Ўзбекистоннинг илмий, технологик ривожланиши, умуман миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради, деб ишонч билан айта оламан», деди Ўзбекистон Президенти.

Президент мурожаатномаси

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон парламенти ва халқига мурожаатномасида яна бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Мурожаатномада пойтахтга кўп чиқинди чиқарадиган автомобиллар кириши чекланиши, Тошкент атрофида филтрсиз кўмир қозонхоналари фаолиятига чек қўйилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, мактаб ўқувчиларини замонавий касбларга йўналтириш мақсадида «Касблар шаҳарчаси» ташкил этилиши, 4 минг километр магистрал йўлларни «автобан»га айлантириш режаси билдирилди.

Шунингдек, «Тошкент–Самарқанд» йўналишида юқори тезликдаги поездлар учун янги линия қурилиши ҳамда 2026 йилда 140 мингта квартирали кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиши қайд этилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистонни G20 саммитига таклиф қилинди

АҚШ президенти Доналд Трамп Америкада бўлиб ўтадиган «Катта йигирматалик» саммитига Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларини таклиф қилди. Муҳим халқаро саммит 2026 йилнинг 14–15 декабрь кунлари Майами шаҳрида ўтказилади.

Трамп бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб, қарор Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан ўтказилган телефон мулоқотларидан сўнг қабул қилинганини билдирди.

АҚШ раҳбарининг таъкидлашича, суҳбат давомида ҳозирги можароларда тинчликка эришиш масалалари, шунингдек, мамлакатлар ўртасида савдо ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш йўллари муҳокама қилинган.
Доналд Трамп Ўзбекистон ва Қозоғистон билан муносабатларни «жуда аъло» деб баҳолаган.

Эски машинани алмаштириш учун имконият

Ўзбекистонда эски транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга филтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Президент Шавкат шу мурожаатномасида маълум қилди.

Президентга кўра, шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказмоқда. Шу боис, экологик стикерлар тизими жорий қилинади ва катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг шаҳарларга кириши чекланади.

Эски машиналарини алмаштириш ёки филтр ўрнатишга тайёр бўлганлар учун давлат томонидан автокредит ва субсидиялар берилади. Шунингдек, пойтахт ва йирик шаҳарларда жамоат транспорти ривожлантирилади, интеллектуал светофорлар тизими жорий қилинади, экологик автомобиллар учун беш йиллик дастур амалга оширилади.

Парковка қилиш қоидалари ўзгаряпти

Автомобилни уй олдига қўйиш эндиликда «кимнинг машинаси баҳайбатлигига қараб» эмас, рухсатнома билан бўлади. Тошкент шаҳрида пулли тўхтаб туриш жойларида резидентлар учун махсус автотураргоҳ рухсатномалари жорий этилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокими қарорига кўра, 2026 йил 1 февралдан эътиборан ҳар бир тураржой манзили учун кўпи билан иккита резидент рухсатнома расмийлаштириш мумкин. Бунда йиллик тўлов миқдори — бир базавий ҳисоблаш миқдори, яъни ҳозирча 412 минг сўм.

Рухсатнома расмийлаштирмаган резидентлар учун соат кечқурун 20:00 дан эрталабги 08:00 гача — 12 соат мобайнида тўхтаб туриш бепул бўлади. Кундузги 12 соатда эса белгиланган тарифлар асосида тўлов ундирилади.

Бундан тушуниш мумкинки, норезидентлар учун тунда ҳам автотураргоҳ пуллик бўлади. Йиллик тўлов қилганларга уй атрофидан жой бириктириладими-йўқми — ҳозирча аниқлик йўқ.

Андижонда бозор растаси тадбиркорнинг устига қулаб тушди

Эътибор берган бўлсангиз, ҳар ҳафталик кўрсатувимизда бозор мавзуси муҳокама марказида қолмоқда. Бу ҳафта ҳам истисно бўлмади. Бу гал бозор ёнмади, лекин бутун бозор растаси одамлар устига қулади.

Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги кийим-кечак бозорида юз берган нохуш ҳолат ҳам жамоатчилик эътиборини тортди.

Растанинг қулашига ёғган қор сабаб бўлмаган. Тадбиркорлардан бирининг дўкон олдига қўлбола усулда қуриб олган растаси талабга жавоб бермагани, бундан ташқари, савдо растасининг юқори қисмига тадбиркорлар томонидан керагидан ортиқ оғир (қишки) кийимлар илингани оқибатида юзага келган.

Ҳодиса натижасида юқоридаги камчиликларга йўл қўйган 1 нафар тадбиркор тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган ва зудлик билан малакали тиббий ёрдам кўрсатилган.

Аҳолининг уйи тинтув қилинди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги «Матонат» МФЙда реновация доирасида кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилгани, янги уйлар ўрнидаги бузиладиган уйлар учун компенсацияга рози бўлмаган фуқароларнинг хонадонларида навбати билан тинтув ўтказилаётгани айтилган видео тарқалди ва эътирозларга сабаб бўлди.

Ҳолатга ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов расмий муносабат билдирди. Унинг маълумотига кўра, «Матонат» кўчасидаги хонадонларнинг бирида гиёҳвандлик моддалари сақланаётгани ҳақидаги тезкор маълумот асосида суд қарори билан тинтув ўтказилган. Тинтув давомида ноқонуний буюмлар аниқланмаган.

«Ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан хонадон эгаларининг норозилиги ҳақидаги мурожаатлари бўйича текширув ўтказилиб, ходимлар ҳаракатларида бирор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган», дейилади муносабатда.

Йирик коррупцион схема фош этилди

Кўмир сотувчилик ҳам пора бериб ишга жойлашадиган лавозим бўлиб кетибди. Сабаби — қаерда имтиёз ва субсидия бўлса, ўша ерда коррупция гуллаб-яшнайди. Халқнинг ҳақини «туя» қилиб мўмай даромад қилиш мумкин.

Наманганда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг вилоят филиалида йирик коррупцион схема фош этилди.

Тергов маълумотларига кўра, филиал бошлиғи ўринбосари фуқарони туманлардан биридаги кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаб қўйишни ваъда қилган. Эвазига — 40 минг АҚШ доллари талаб қилган. Қўшимчасига, омборга келадиган кўмир ортилган вагонлар сонини кўпайтириш ҳам «ваъдалар пакети» ичида бўлган.

Мансабдор сўралган 25 минг долларни олди ва лавозим тайинловини ҳал қилди. Кейинги босқичда қўшимча 15 минг доллар ва 30 та вагон кўмир учун 7 500 доллар талаб қилинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари аралашиб, нафси ҳакалакланган шахс судгача қамоққа олинди.

Сигаретга тутантириқ бўлган сўм

Ҳафта давомида тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатлардан бири хитойлик фуқаролар иштирокида тарқалган видео билан боғлиқ бўлди.

Ижтимоий тармоқларда уч нафар хитойлик фуқаро 2000 сўмлик банкнотани ёқиб, сигарет тутатгани акс этган видео тарқалди. Видеодаги ўзаро суҳбат ва ташқи белгиларига кўра, уларнинг хитойлик экани тахмин қилинмоқда. Маълум бўлишича, видео «WeChat» ижтимоий тармоғида жойлаштирилган.

Видеода акс этган хитойлик шахслар Тошкент вилоятида жойлашган корхоналардан бирида ишлаши маълум қилинган.

Ушбу ҳолат Ўзбекистон қонунчилигига кўра ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Жиноят кодексининг 215-моддасида давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш жиноят сифатида белгиланган. Миллий валютада давлат герби тасвири мавжуд бўлгани боис, уни қасддан йўқ қилиш ёки ҳақоратлаш ҳам мазкур модда доирасида баҳоланиши мумкин. Ҳозирча ваколатли органлар томонидан ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилмаган.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 11

Barchasi

Mavzuga oid